ТУМАН ИИБ ХОДИМЛАРИ ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИКНИ АСРАШ МАВЗУСИДА ТАДБИРЛАР ЎТКАЗДИ
Глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган ҳозирги давр юртимизнинг ҳар бир фуқаросини огоҳликка, ҳушёрликка ундайди. Боиси ахборот технологиялари юксак тараққий этаётгани ундан фойдаланувчиларга ахборот олиш имконини тобора кенгайтирмоқда. Ижтимоий тармоқлардан нопоқ мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилаётгандиний экстремистик, террористик оқимлар учун бу айни муддао бўлмоқда. Улар ҳали дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган ўсмир-ёшларни ўз домига тортишда ҳам кўпинча ахборот технологияларидан фойдаланишмоқда.
Шу ўринда фарзандининг юриш-туришини яхши назорат қилмайдиган, уларнинг қизиқишларига қараб илм олишга, касб-ҳунарга йўналтиришга жалб қилмайдиган ота-оналар ҳам борлигини инкор қила олмаймиз. Булар ёт ғояларни тарғиб қилиб, ўз атрофларига қўллаб-қувватловчи ёшларни тўплашга интилаётган кучларга қўл келаётир.
Амударё тумани Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизмати Терроризмга қарши курашиш гуруҳи ходимлари туманимизда тинчлик-осойишталик ҳукмрон бўлиши учун аҳолининг терроризм ва экстремизмга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш учун турли таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.
Жорий йилнинг 22 декабрида гуруҳ ходимлари туманимиздаги 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари, ўқувчилари билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда гуруҳ ходимлари террористик, экстремистик ташкилотларнинг жирканч мақсадлари, тинчлик-осойишталикнинг бебаҳо неъмат эканлиги хусусида батафсил маълумотлар бердилар, ёшлар бундай ташкилотлар таъсирига тушиб қолишдан огоҳлантирилди. Шу куни мазкур гуруҳ ходимлари Қипчоқ овул фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган 1-сонли касб-ҳунар мактабида ҳам бўлишиб, ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экстремистик фаолиятнинг, террористик фаолиятнинг ҳар қандай кўриниши таъқиқланиши, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш, тарғиб этиш жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкинлигини батафсил тушунтирдилар.
Амударё телевидениеси таҳририятининг “Юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшлар – келажак пойдевори” номли грант лойиҳаси доирасида таҳририят ходимлари туман Ички ишлар бўлими тезкор қидирув хизмати терроризмга қарши курашиш гуруҳи ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирларида ўқувчиларни мавзу юзасидан қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Айтиш жоизки, ушбу гуруҳ томонидан жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган фуқаролар билан фильтр сўровлари ўтказилди. “Хавф гуруҳи” тоифасига кирувчи шахсларнинг ҳатти-харакатлари назоратга олиниб, улар билан муносиб хулқ-атворда бўлиш юзасидан тарғибот олиб борилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида таълим муассасаларида, корхона-ташкилотларда, фуқаролар йиғинларида 54та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида аҳоли, ёшлар терроризм ва экстремизмдан огоҳ этилиб, юртимизнинг тинчлик-осойишталигини асрашга даъват этилди, ҳуқуқий онгини юксалтиришга ҳисса қўшилди.
Тинчлик – бебаҳо неъмат. Уни асраш барчамизнинг бурчимиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶