“МАҲАЛЛАБАЙ” ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Юртимизда аҳолининг муносиб шароитларда меҳнат қилиши, яшаши учун барча шароитлар мавжуд. Уларнинг бу имкониятларининг қонуний асоси ҳам яратилган. Кундан кунга обод бўлиб бораётган ҳудудлардаги кўркам ҳовли- жойлар, кишиларнинг эмин-эркин яшаётгани, дастурхони тўкинлиги фаровонликдан дарак беради. Буларнинг бари тинчлик-осойишталик туфайлидир.
Ҳа, тинчлик-осойишталик бебаҳо неъмат. Афсуски, орамизда бунингдек дориломон кунларнинг қадрига етмай, ўз инсонийлик бурчини англамай, турли ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар содир этишга мойил бўлиб бораётганлар ҳам учрайди.
Мавжуд ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳудудларда содир этилаётган ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик сонига қараб, овул-маҳаллалар тоифага ажратилиб, жиноятчилик сони ошган маҳаллаларда кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда.
Амударё тумани Адлия бўлими ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан жиноятлар сони ошган “қизил” тоифадаги ҳудудлар – Манғит шаҳридаги Дўстлик, Ойбек номли маҳаллаларда ҳамда Ўрта қалъа ва Куюк кўпир овулларида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган “маҳаллабай” ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказдилар.
Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Нилуфар Жуманиязова тадбир қатнашчиларига тегишли маҳалладаги жиноятчилик ҳолати, содир этилаётган жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиши, оқибатлари ҳақида маълумотлар бериб, ўйламай қилинган ноқонуний ҳаракатлар келгусида инсон ҳаётига салбий таъсир этишини батафсил тушунтирди.
Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлашда аҳоли кенг қатламининг, айниқса ёшларнинг ўрни алоҳида эканлигига тўхталди. Қонунларни, одамларни менсимайдиган, коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбарга жавобгарлик муқаррарлиги, мансабдор шахсларнинг бевосита халқ олдида масъул эканлиги ва аввало халққа хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, давлат органлари бюрократик тўсиқларга йўл қўймай, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида тўлиқ кўриб чиқиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши шарт экани алоҳида қайд этилди. Йиғилиш иштирокчиларига аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имконияти мавжудлиги тушунтирилди, аҳолига ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқариш йўлидаги барча муаммоларни қонуний асосда ҳал этиш кераклиги таъкидланди.
Тадбирларда туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Баҳром Собиров ҳам сўзга чиқиб, оилавий низоларнинг, хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказишнинг олдини олиш, мажбурий ва барвақт никоҳнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумотлар берди. Йиғилганларга тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояланишнинг қонуний асослари, оилавий низолар вақтида болалардан фойдаланмаслик хусусида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш учун ташкил қилинган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирларда иштирок этган фуқаролар ҳуқуқшунослар маърузаларини қизиқиб тингладилар ва ҳуқуқий соҳага оид саволлар бериб, батафсил жавоблар олдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶