ЁШЛАР ЕТАКЧИСИНИНГ ИШ ФАОЛИЯТИ САМАРАЛИ БЎЛАЯПТИ
Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикамизнинг барча овул, шаҳарча, маҳаллаларида ўз фаолиятини бошлаган ёшлар етакчилари ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизимларини жорий этиб,ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратишда, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этишда, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада оширишда эътиборга сазовор ишларни амалга оширишмоқда.
Дилмурод Ёдгоровнинг туманимизнинг марказида жойлашган Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси лавозимига қўйилган талаблар асосида саралашдан ўтиб, фаолиятини бошлаганига ҳозир бир ярим йилдан ошди. У ўз ишини маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари иштирокида хонадонма-хонадон юриб, ёшларни хатловдан ўтказди. Оилаларни ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра тоифаларга ажратиб, ёшлар балансини шакллантирди ва электрон платформасига киритиб чиқди.
Хатлов давомида аниқланган муаммоси бор ишсиз ёшларни «Ёшлар дафтари»га киритди. Ҳозирги кунгача 30 нафардан ортиқ иш билан банд бўлмаган ёшларга ёрдам кўрсатилди. Жумладан 9 нафар турли олийгоҳларда таълим олаётган ёшларга тўлов контракт пуллари тўлаб берилди, 6 нафар ёшга 10 йилга e-auksion тизими орқали дехқон хўжалигини юритиш учун ер олиб берилди. 7 нафар ногиронлиги бўлган ёшларга бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилди. 4 нафар ёшларга эса ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда, 5 нафар ёшга ўз тадбиркорлигини бошлаш учун имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 1 нафар ёшга сафарбарлик чақируви резерви хизматини ўташ бадали пуллари қоплаб берилди.
Республикамизда ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари маҳаллаларда яшайдиган ёшларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказишларига хизмат қилибгина қолмай, спорт, санъат, миллий ҳунарлар, китобхонлик, ахборот технологиялари соҳаларида истеъдодлиларини аниқлаб, уларнинг ўз иқтидорини намойиш этишлари учун ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Дилмурод Ёдгоровнинг саъй-ҳаракатлари туфайли “Дўстлик” маҳалласи ёшлари ҳам ушбу мусобақаларда фаол иштирок этиб, салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келишаяпти.
Мусобақанинг ўтган йилги мавсумида Азизбек Холмирзаев чолғу ижрочилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритиб келди. Маҳалланинг шахматсевар ёшлари ўтказилган 3 та мавсум шахмат мусобақаларида ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Ўтган йилги мавсумда Алишер Раҳимов шахмат бўйича Қорақолпоғистон Республикаси босқичида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Бу йил эса яна туман босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Қорақолпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди.
Бошқа йўналишларда ҳам қувонарли ютуқлар қўлга киритилаяпти. Хусусан, яқинда бўлиб ўтган “Зукко китобхон” танловида маҳалла ёшлари жамоаси Қорақолпоғистон Республикаси босқичида фахрли 2-ўринни қўлга киритиб қайтишди.
Аслида маҳалла ёшлари етакчисининг асосий мақсади ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг истеъдод ва иқтидорини кашф этиб, юзага чиқаришдир.
Жорий йил маҳалла ёшлари ҳаётида яна бир қувоончли воқеа бўлди: Дўстлик кўчасига қиймати 300 миллион сўмлик универсал спорт майдончаси қурилди. Бу ёшларнинг бўш вақтларини янада мазмунли ташкил этиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш учун қулай имконият бўлди.
Маҳалла ёшлари етакчиси ўсмир-ёшларни ҳар хил бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, менталитетимизга ёт одатларга ружу қўйишининг олдини олиш, уларга аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган қадриятларимизни сингдиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Булар ўз навбатида маҳалла тинч-осойишталигига, ёшларнинг муносиб хулқ-атворли бўлиб вояга етишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаяпти.
Ойгул Ражабова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶