“ЁШЛАР ОЙЛИГИ” ДОИРАСИДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН ТАДБИРЛАР ЁШЛАР ФАОЛЛИГИНИ ОШИРМОҚДА
Мамлакатимизда нишонланадиган қутлуғ кунлар, муҳим саналар кўп. Ҳар бирининг ўз маъно-моҳияти бор. 30 июнь – Ёшлар куни катта тантаналар билан нишонланиши, июнь ойининг Ёшлар ойлиги, дея эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Чунки ёшлар ота-онасининггина эмас, Ватанимизнинг келажаги, жамиятнинг ҳал қилувчи кучидир.
Янги Ўзбекистоннинг ёруғ ва фаровон истиқболини яратувчи ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, кўнглида эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган долзарб вазифаларни адо этишга қодир қилиб вояга етказишда овул, маҳалла, шаҳарчаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчиларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Туманимизнинг Босув маҳалласи ёшлар етакчиси Нигора Бозорбоева ўз фаолиятида ҳудуддаги 14-30 ёшдаги 931 нафар ёшларнинг маънавиятли, маърифатли, фаол ва келажак сари дадил, интилувчан бўлиши учун сидқидилдан интилади. Йил бошида ҳар бирининг оиласида йиғин масъуллари билан ҳамкорликда бўлиб, тўлиқ хатловдан ўтказди. 5 та тоифа - бандлиги, маълумоти, оилавий, ижтимоий ва саломатлиги ҳолатлари асосида “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Якунларига кўра ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “Ёшлар дафтари”га қамраб олинди ва кўмак берилди. Хусусан, 23 нафарига ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратилди, 24 нафарига ижрага ер берилди, 5 нафари касб-ҳунар билан шуғулланишлари учун асбоб-ускуна билан таъминланди, 10 нафарининг олийгоҳларда ўқиш контракт пуллари тўлаб берилди, 3 нафарининг ҳайдовчилик курсларида ўқиш бадали тўланди.
Бунингдек саъй-ҳаракатлар изсиз кетмаяпти. Имтиёзли кредит ҳисобига Райҳон Холбоева маҳалла фуқаролар йиғини биносида “Гўзаллик салони” фаолиятини йўлга қўйди. Манзура Жумабоевага субсидия асосида тикув машинаси берилган эди. Ҳозирги кунда у чеварлик билан шуғулланишдан ташқари, ҳудуд қизларига ўз касби сирларини ўргатмоқда.
Маҳалла ёшлари июнь – Ёшлар ойлигини ҳам кўтаринки тусда кўнгилли нишонламоқда.
Ойлик доирасида “Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” шиори остида ўтказилиши белгиланган тадбирлар “Саломатлик учун 500 қадам” спорт соғломлаштириш акцияси билан бошланди. Ойлик доирасида ёшларнинг маънавиятини юксалтириш мақсадида китобхонликни кенг тарғиб этувчи, юксак адоб-ахлоқни шакллантиришга хизмат қилувчи давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳар хил спорт ўйинлари ,мусобақалар, викториналар, “Заковат” интиллектуал ўйинларини ўктазиш белгиланган.
“Ёшларнинг бўш вақти – етакчиинг иш вақти” тамойилини ўз фаолиятига дастуруламал қилиб олган ёшлар етакчиси Нигора Бозорбоевани гоҳ ҳудуддаги 26-сонли мактабда, гоҳ ишлаб чиқариш ўринларида, гоҳ ёшлар билан яккама якка суҳбатлашиш учун хонадонма хонадон юрганида учратиш мумкин.
Қай манзилда учратсангиз ҳам унинг аниқ мақсад ва пухта режаси борлигига гувоҳ бўласиз.
Мамлакатимизда ёшлар билан ишлашишда янгича ёндашувлар жорий этилиб, ёшлар етакчиларига бу борада ўта масъулиятли вазифалар юкланган. Босув маҳалла ёшлар етакчиси Нигора Бозорбоева ўз фаолиятини шу куннинг талаблари доирасида ташкил этмоқда. Ёшлар ойлиги доирасида ўтказилаётган тадбирлар маҳалла ёшларига кўтаринки руҳ бағишлаб, фаоллигини оширмоқда.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶