МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ХОДИМЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
Бутун дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёни аҳолидан соғлом дунёқарашга, юксак инсоний хислатларга эга бўлишни ва чор-атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга оқилона муносабатда бўлишни тақозо этмоқда.
Юртдошларимизнинг, айниқса ёшларнинг бундай етукликка эришишида маданият ва санъат ходимларининг хизмати катта. Бу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини жадаллаштиришда соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир.
Юртимизда 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида нишонланиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.
Сана муносабати билан юртимизда маданият ва санъат соҳасини, ўзбек миллий маданияти ва санъатини ривожлантириш, нуфузини юксалтириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда фидойилик қилаётган соҳа ходимлари меҳнати улуғланади, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатилади.
15 апрель куни Амударё тумани Маданият ва туризм бўлимида ҳам маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланди. Шу муносабат билан ташкиллаштирилган тадбирга соҳа ходимлари, узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳозирги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар, туманимиздаги 9-сонли ва 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, ўқувчилари, санъат шинавандалари иштирок этишди.
Бўлим маъмурий биноси томошалар залида бўлиб ўтган байрам тантанасида туман ҳокими Султонбой Йўлдошев иштирок этиб, маданият ва санъат ходимларини касб байрами билан қизғин табриклади ва келгусида эл-халқимизга миллий санъатимизни кенг тарғиб этишда, намойиш этишда улкан муваффақиятлар тилади.
Туманимизда санъатнинг барча турлари бўйича ҳам ёрқин истеъдодга эга, иқтидорли ёшлар кўп. Уларнинг истеъдодини юзага чиқаришда, юксалтиришда беминнат устозлик қилаётган таниқли соҳа ходимлари, талантли ёшлардан 17 нафарини туман ҳокими Султонбой Йўлдошев қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномалар билан тақдирлади, шунингдек фахрийларга ҳам совғалар берди.
Тантанали тадбир куй-қўшиқлар, жозибали рақслар билан давом этди. Айниқса ёш истеъдод эгалари Гулираъно Ўринбоева, Гулноза Гулмановаларнинг ижро этган рақслар барчани ўйин даврасига чорлади.
Тадбир тугагач, соҳа ходимлари учун ифтихорлик ташкил этилди. Тўкин дастурхон атрофида маданият ва санъат ходимлари дилдан суҳбатлашиб, ифторлик қилдилар, юртимизда гуноҳлардан покланиш ва мағфират ойи ҳисобланмиш Рамазон ойига етказганига, меҳнатлари юксак эътироф этилаётганига шукроналар айтдилар.
Байрам муносабати билан ташкиллаштирилган бунингдек тадбир маданият ва санъат ходимларига яна куч-ғайрат, унумли ишлашга рағбат уйғотди.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда маданият ва санъатни ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, шу асосда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, юртимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга эътибор кучаймоқда.
Бу албатта, келгусида халқимизга маданий хизмат кўрсатиш сифати ошишига, бўш вақтларида кўнгилли дам олиб, маънавияти юксалишига замин бўлади.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶