АМУР ТЕМУР НОМЛИ ОВУЛ ЁШЛАРИ ЎРТАСИДА ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар онгида Ватанга муҳаббат, миллий-маънавий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳини шакллантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодни мафкура майдонининг турли хуружларидан ҳимоя қилиш, айниқса, ёшларнинг маънавий-руҳий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга ҳисса қўшиш мақсадида “Менинг оилам” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси томонидан таълим муассасаларида ва жамоат ташкилотларида турли хил мавзуларда давра суҳбатлари, иншолар танловлари, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Юксак маънавиятли ва ахлоқий ёшлар – келажак пойдевори” грант лойиҳаси доирасида Амир Темур номли овул фуқаролар йиғини биносида ҳам ўтказилди. Унда фуқаролар йиғини масъуллари, “Менинг оилам” газетаси таҳририяти ижодкорлари, овул фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда “Жаҳолатга қарши - маърифат” тамойили асосида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят содир қилишга мойил, муқаддам судланган ва жиноят содир қилган шахслар билан ишлашиш борасида Амир Темур номли овул фуқаролар йиғини масъуллари томонидан амалга оширилаётган маънавий-тарбиявий тарғибот ишлари хусусида Амир Темур номли ОФЙ раиси Ойбек Юсупов батафсил маълумот бериб, ҳудуд бўйича профилактика иснпектори, хотин-қизлар фаоли, нуронийлар масалалари бўйича ОФЙ раисининг ўринбосари ҳамда ёшлар етакчиси билан ҳамкорликдаги ҳуқуқий-тарбиявий тадбирларнинг ижобий натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, “Юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшлар – келажак пойдевори” лойиҳаси координатори, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Робия Йўлдошева “Менинг оилам” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ҳуқуқий-тарбиявий тарғибот тадбирлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкиллаштирилаётган давра суҳбатлари, ошкора ва самимий мулоқот тарзидаги учрашувларнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни ҳамда кутилаётган натижалар хусусида маъруза қилди.
Тадбир давомида ҳудудий профилактика инспектори Беҳзод Норбоев овул ёшлари ўртасида ҳар ҳафтада ташкиллаштирилаётган тарбиявий суҳбатлар, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар туфайли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари камайгани хусусида тўхталиб, ҳудуд фаоллари билан ҳамкорликдаги ишлар яхши натижа бераётганини алоҳида таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам овулда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят содир қилишга мойил, муқаддам судланган ва жиноят содир қилган шахслар билан ишлашиш жараёнида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Айниқса, жиноят қилишга мойил, муқаддам судланган, айни пайтда пробация тартикида ҳисобда турган шахслар билан мунтазам равишда ўтказилаётган тарбиявий суҳбатлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Тадбирда қилган жинояти туфайли муқаддам судланган шахслар, ака-ука Нурсултон ва Нурмухан Шомуродовлар ҳам иштирок этишиб, ҳамқишлоқлари олдида қилган жиноятларидан пушаймон эканликларини билдиришди.
Айни пайтда пробация таркибида ҳисобда турувчи Нурсултон ва Нурмухан Шомуродовлар “эгилган бошни қилич кесмайди” деган халқ ўгитига амал қилишиб, ҳамқишлоқларига чин дилдан пушаймонлик билан бошқа бундай номаъқул ишга қўл урмасликларини билдириб, кечирим сўрашди.
Тадбирда сўзга чиққан овул фаолларидан бири, кекса онахон Амина момо Норбоева “бир болага етти маҳалла ота-она” эканлигини айтиб, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солиш, уларнинг ҳаётлари изга тушиб кетишига кўмаклашиш барчанинг зиммасидаги масъулият эканлигини таъкидлади.
Бўлиб ўтган тадбир юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшларни тарбиялаш, овул ёшлари билан ишлашиш бўйича ҳудудий профилактика инспекторининг муқаддам судланган ва жиноят қилишга мойил шахсларнинг овул фаоллари иштирокидаги ошкора мулоқот тарзидаги учрашувлари мазмун-моҳияти жиҳатидан ибратга муносиб эканлиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Равшан Баҳромов, Маҳмуджон Шомуродов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶