БАҒРИ ОБОД ОИЛА
Инсон борки, доимо ширин орзулар оғушида яшайди. Ана шу орзулари туфайли ҳаёт қўйган синовларни енгиб ўтишга одатланади. Бугун кечагидан кўра яхшироқ яшашга интилиш одамзот учун ирсият. Меҳнатсеварлик эса бобомерос қадрият.
Амир Темур номли овулда айнан ана шу омиллар боис, ўз ҳаётларини ўзгалар ҳавас қиларли даражада ҳалол меҳнати, интилиши ва орзулари асосига қуриб бахтиёр яшаётган оилалар кўп.
Амударё туманининг бошқа қишлоқ ва маҳаллаларидан фарқли ўлароқ Амир Темурликлар ўзбек, қорақалпоқ туркман ва қозоқ оилалар кўплиги, бундан ҳам эътиборлиси, барча миллат вакилларининг аҳил-иноқлиги, ўта меҳнаткашлиги билан ажралиб туришади. Биз ижодий гуруҳимиз билан овулдаги Қувват оға Сапаргелдиев оиласида бўлганимизда бунинг яққол гувоҳи бўлдик.
Ота-боболари ерга меҳр бериб, деҳқончиликдан ризқ-насибасини ундириб ўтган Қувват оға ҳам эсини таниганидан бери шу овул аҳлига эл бўлиб, ҳамқишлоқлари билан биргаликда ҳалол меҳнат қилиб келади. Умр йўлдоши Кичикгул Муродова эса ҳамиша умр йўлдошига елкадош.
Биргаликда Амир Темур номли жамоа хўжалиги далаларида меҳнат қилишди. Ҳар йили 4-5 гектарлаб ғўзани парваришлаб, тозалашгача бўлган ишларни биргаликда бажаришди. Дала ишларида, ортиб томорқа хўжалигини юритган Қувват оға билан Кичикгул эже вақт ўтиб, бировдан олдин, бировдан кейин, деганларидай, қилган меҳнатларининг самарасини кўришди. Бирин-кетин туғилган икки ўғил, икки қизни меҳнаткаш, интилувчан, ўқимишли инсонлар қилиб тарбиялашди. Оила бағри обод, кўнгиллар шод бўлди.
Уй-рўзғор ташвишлари, деб ўзлари олий маълумот олиш орзусини бир четга суриб қўйиб, дала ишлари, деҳқончилик билан машғул бўлганиданми, илмли бўлиш орзуларини фарзандлари камолида кўришди. Катта ўғиллари Гурбанназар овулдаги 25-сонли мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари, қизлари Эжемойи қорақалпоқ тили ўқитувчиси, Айсўна эса бошланғич синф ўқитувчиси. Оила сафига яқиндагина келиб қўшилган гўзал келинчак Ўғилсафар қорақалпоқ, ўзбек, туркман тилларини мукаммал билувчи тарих фани ўқитувчиси. Кенжа ўғил Шоҳназар эса айни пайтда талаба, Қорақалпоқ Давлат университетининг инглиз тили факультетида таҳсил олмоқда.
– Аллоҳга шукур, – дейди Кичикгул эже мамнуният билан, – ҳозир аввалгидай етар-етмаслик йўқ. Фарзандларимнинг барчаси олий маълумотли, ҳар ойда маошини отасига олиб келиб беришади. Ўйлашиб-кенгашиб иш қилишади.
Туркман оилаларнинг деярли барчасида фарзандларга атаб ота-она шахсий ҳадялар, ўғил-қизлар эса бўлғуси оилалари учун ўз қўллари, ҳалол маблағларидан зарур буюмлар тайёрлашади. Кичикгул эже бу борада фарзандларига яқин маслаҳатгўй. Янги келинчак Ўғилсафар қайнсингилларига, қайнонасига бу борада ёрдамчи.
– Эжемойи қизим ўзбек оиласига келин бўлди: қуда-қудағайларим, куёвим бири-биридан яхши, – мамнунлигини яширмайди Кичикгул эже.
Энди Айсўнажон қизининг бахтини ўйлаётган эжежоннинг келин-у қизлари ўз қўллари билан тиккан дастурхон, кўрпача-ю тўқилган кийим-кечакларнинг ҳар бирини меҳр билан тахлаб, зарур маслаҳатлар беради.
Туркман миллатига хос ҳавасга муносиб бу анъанага кўра, қиз-у келинчаклар албатта миллий-маънавий урф-одатларга амал қилиши, миллий либосларини ҳурмат ва эътибор билан кийиб юришлари шарт. Кичикгул эже тарбиясини олган қизи Эжемойи гарчи ўзбек оиласига келин бўлса-да, туркман миллатига хос миллий либосларини асло ечмайди. Гўзал қиз Айсўна эса эгнидаги миллий либоси билан янада гўзал, латофатли, ҳавасга муносиб!
Оиладаги ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат, меҳмондўстликни кўриб,тўғриси, ҳавас қилдик. Ана шу аҳиллик боис, бугунги кунда оиланинг ўз чорва-ю паррандаси, зироатга бой томорқа хўжалиги, томорқа хўжалигидан ортиб, бозор расталари орқали оила бюджетига кирадиган ҳалол даромади мўл.
Ҳовлининг бир четида Қувват оғанинг хусусий трактори баҳорги ер ишларига тахт ҳолатда турганидан билдикки, Қувват оға ўз техникаси билан овулдошларининг оғирини енгил қилишдан асло оғринмайди. Қолаверса, хусусий трактори туфайли оила иқтисоди ҳамиша барқарор.
– Кобальт русумли автомобиль олиш учун навбатга ёзилдик, – қувончини яширмайди Гурбанназар.
Инсоннинг ҳаётдан кўнгли тўқ яшаши учун аслида бундан ортиғи бўлмаса керак. Қувват оға билан Кичикгул эже аҳилликда тузган оила салтанатида улар орзу қилган ҳамма нарса бор – ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳалол ва фидойи меҳнат эвазига келган камтарин бойлик, фарзандлар камоли! Бу – тотувликнинг, бирини-бири жигарбандим, деб қабул қилгувчи, ўрталаридаги меҳр-муҳаббат ришталаридан куч олиб яшагувчи эт билан тирноқ қон-қариндошликнинг буюк ифодасидир!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶