БАЙРАМ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЁШИ УЛУҒ ОНАХОНЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНИБ, СОВҒАЛАР УЛАШИЛДИ
Аёл азалдан меҳр-шавқат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл бу энг аввало мўътабар онадир. Аёл сўзини эшитишимиз билан кўз ўнгимизда улуғ ва табаррук онажонларимиз гавдаланади. Ҳар бир инсон ҳаётнинг сиру-асрорлари ва сабоқлари, эзгулик ва яхшилик, пасту-баландини меҳру-саховатли оналардан ўрганади. Шу боис байрамлар арафасида кексалик гаштини сураётган улуғ ёшдаги табаррук онахонларга эҳтиром кўрсатиш эзгу анъанага айланган.
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ҳам амударёлик ёши улуғ, умри меҳнат майдонларида ўтган ва жамиятга нафи тегадиган ўғил-қизлар ўстириб, ҳозирги кунда эса ёшларга ҳаёт мактабидан сабоқ бериб келаётган азиз онахонлар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари улашилди. Байрам билан табриклаб келган масъуллар онахонлар билан дилдан суҳбат қуриб, уларга кўтаринки ва байрамона кайфият бахш этишди.
Туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова ҳамда фуқаролар йиғини масъуллари Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи 90 ёшга яқинлашган Ўролхон момо Шомуродовани йўқлаб, унинг хонадонига ташриф буюрди. Фарзандлари, неваралари ва чевараларига бош бўлиб келаётган онахон Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида жонбозлик кўрсатиб, фидокорона меҳнат қилган. Ўролхон момо бугунги кунда невара-чеваралар даврасида дуогўй ва маслаҳатгўйдир. Туман ҳокими ўринбосари Ўролхон момо билан суҳбатлашиб, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан қизғин табриклади. Табаррук момонинг дуоларини олди ва унга совға-саломлар топширди.
Шундан сўнг, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова ҳамда Куюккўпир овул фуқаролар йиғини масъуллари шу ҳудудда яшовчи нуроний онахон Шарифа момо Бобониёзованинг хонадонига ташриф буюришди. Ушбу ташрифдан боши кўкка етган онахон меҳмонлар билан мириқиб суҳбатлашди. Ўзининг оғир даврларда кечган заҳматли болалик ва ёшлик йиллари, пахта далаларида ўтган ҳаёти, аввалги ва ҳозирги шароитлар, имкониятлар ҳақида сўзлади. Ёшларга ўгит-насиҳатлар бериб, мана шундай азиз ва табаррук заминда, аёлини бошида тождек кўтарган Ватанда яшаётгани учун шукроналар айтиб дуолар қилди. Байрамга бағишланган лапарлари, халқ қўшиқларидан куйлади, шеърлар айтди. Масъулларнинг ташрифидан онахоннинг кўнгли тоғдек кўтарилиб, кайфияти чоғ бўлди.
Масъуллар Чойкўл овулидаги 100 ёшдан ошган нуроний Хадича момо Беканова ҳолидан ҳам хабар олишди. Бутун аму элининг табаррук онахони бўлган Хадича Беканова Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт орқасидаги меҳнат майдонларида заҳмат чеккан. Умрини эл хизмати, фарзандлар тарбиясига бағишлаган ушбу онахон ҳам бугунги дориломон кунларда яшаётганидан бахтли эканини айтди. Тинч ва осойишта юртимизнинг янада тараққий этиши, дастурхонларимиз тўкин-сочинлиги ва турмушимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуолар қилди. Байрам арафасида йўқлаб келишгани ва берилган совғалар учун масъулларга миннатдорчилик билдириб, катта раҳмат айтди.
Нуроний онахонлар байрам арафасидаги ушбу йўқловлар, ўзларига кўрсатилган меҳр ва ғамхўрликдан кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, ниҳоятда мамнун бўлдилар.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶