ТУМАН БЎЙИЧА 12 МИНГДАН ОРТИҚ ХОНАДОНЛАР СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ БИЛАН УЗЛУКСИЗ ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Мамлакатимизда халқ фаровонлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини замон талаблари даражасига кўтариш ва аҳоли ҳаётига оид маиший муаммоларни тизимли равишда ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар туфайли энг чекка қишлоқларда яшовчи аҳоли учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айниқса, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида мамлакат миқёсида сезиларли ютуқларга эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда суюлтирилган газни тарқатишда “E-gaz Billing” дастури жорий қилингани бу борадаги ишларнинг шаффофлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Айни пайтда Амударё тумани бўйича 24 минг 993 та хонадон мавжуд бўлиб, шундан 12 минг 46 та хонадон табиий газ етишмаслиги сабабли суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланади.
Ушбу вазиятдан келиб чиқиб, табиий газ етиб бормайдиган барча хонадонларга ID карталари тарқатилмоқда. Суюлтирилган газдан фойдаланувчи хонадонлар учун 27 минг 982 та газ баллонлари “Амударётумангаз” газ таъминоти филиали томонидан ижарага берилган.
Шунингдек, аҳолининг ўз маблағи ҳисобидан айланмадаги газ баллонлари қаторига қўшилган 12 минг 19 та газ баллонлари босимга қарши синовдан ўтказилиб, ёрлиқлар ёпиштирилган ва рақамлаштирилган. Натижада 2021 йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб суюлтирилган газ баллонлари ID карталар орқали тарқатилмоқда.
“Амударётумангаз” газ таъминот филиалига қарашли Холимбег сервис маркази 3 минг 802 та, Куюк кўпир шохобчаси 3 минг 279 та, Қипчоқ овулидаги шохобча 2 минг 384 та, филиалнинг марказий омборхонаси 1 минг 277 та хонадонга хизмат кўрсатади.
Шунингдек, филиал тасарруфидаги Оқ олтин шохобчаси 1 минг 588 та, Қангли овулидаги шохобча 1 минг 404 та, Бўзёп овулидаги шохобча 1 минг 30 та, Дўрман овулидаги шохобча 750 та хонадонга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Мазкур шохобчаларда айланмадаги ижара газ баллонларининг яроқлилик муддатларини аниқлаш, босимга қарши синаш, газ баллонларини таъмирлаш ишлари ўз вақтида бажарилгани боис, истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлашда узилишлар содир бўлмаётганидан аҳоли мамнун.
Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш сифатини янада яхшилаш мақсадида туманда 2014 йилда Амударё газ тарқатиш пункти қурилиб, ишга туширилгани айни муддао бўлди.
Филиал тасарруфидаги шохобчаларга узоқ бўлган энг чекка қишлоқлар, хусусан, Тош қалъа, Юқори қишлоқ, Беш овул, Хизр эли маҳаллалари, Жумуртов шаҳарчаси, Чойкўл, Бобур, Тўлқин, Назархон овуллари ҳамда Тор ёп, Қорамон, Босув, Боғ, Арна бўйи маҳаллаларида яшовчи истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонлари ИСУЗУ русумли автомашиналар орқали етказиб берилмоқда.
Тумандаги 38 та мактабгача таълим ташкилотларида ҳам суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланилади. Мазкур МТТларда суюлтирилган газга бўлган эҳтиёж юқорилиги учун таъминотда узвийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада 38 та мактабгача таълим ташкилотлари ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда.
Жорий 2022 йилнинг 9 ноябрь ҳолатига белгиланган лимитдан салкам 54 тонна зиёд, яъни 3 минг 484 тонна суюлтирилган газ олиб келиниб, истеъмолчиларга тарқатилди. Шу билан бирга “Амударётумангаз” газ таъминот бўлими томонидан 28 минг 422 та янги маиший газ баллонлари ижарага берилган бўлиб, 2022 йилнинг биринчи ярмида яна 440 та янги маиший газ баллонлари ижарага тарқатилди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланувчи истеъмолчиларга сервис хизмати кўрсатишда узвийлик таъминланиб, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжи тўла қондирилмоқда.
Н.ХАЛИМБЕТОВ, “Амударётумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶