НАФСИГА ЭРГАШИБ…
Мансаб – инсонни ўзгартиради, уни ё ориятли, имонли, мард ва виждонли одамга айлантиради ёки манфаат ва нафс қули қилиб қўяди. Буни ортиқча шарҳ ва изоҳларсиз ҳам ҳаммамиз яхши биламиз. Мансабдор шахс юқоридаги биринчи тоифага мансуб бўлса, яхши, жамиятга фойда, яқинларига раҳмат, олқиш келтиради. Агар иккинчи тоифага мансуб бўлса-чи?
Амударё туманидаги мактабгача таълим-тарбия муассасаларидан бирида раҳбар сифатида фаолият олиб борувчи Баҳрихон (исм-шарифи ўзгартирилди) Баҳодирова иккинчи тоифага мансуб мансабдор бўлиб чиқди. Болалар муассаси директори, қолаверса, шириндан-шакар фарзандларнинг онаси бўлатуриб, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, давлат мулкига, аслида болалар ҳақига хиёнат қилди. Ўзи раҳбарлик қилаётган мактабгача таълим ташкилотининг ишчилар рўйхатига, аниқроғи иш ҳақлари ҳисобланадиган табелга мавсумий ўтёқар сифатида яқин қариндошининг исм-фамилиясини киритиб қўйди:
-Ким билиб ўтирибди, - ўйлади у қилаётган ишининг ноқонуний эканлигини билса-да, - бор-йўғи 2-3 ой ўтиб кетади, ҳужжатларни ўзим ушлаб, ўзим тутсам, ким текшириб ўтирибди.
Аммо Баҳрихоннинг ўйлагани бўлмади, давлат мулкининг дахлсизлигини назорат қилувчи ташкилотлар унинг “режа”сини чиппакка чиқаришди.
МТТда давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисида Амударё туман прокуратурасига келиб тушган аризага кўра ўтказилган текширувда Баҳри Баҳодирова томонидан ЎзМЖтКнинг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилгани, у ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб, 2022 йилнинг январь ва февраль ойларида яқин қариндошини МТТга ўтёқар сифатида мавсумий ишга қабул қилиб, унинг номига 1 400 000 (бир миллион тўрт юз минг) сўм миқдорида иш ҳақи ҳисоблаб, ноқонуний равишда ўзи ўзлаштириб юборганлиги аниқланди.
Баҳри Баҳодирова қаршисига ЎзМЖтКнинг тегишли моддалари бўйича маъмурий иш очилиб, мазкур иш 2022 йил 4 октябрь санасида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судида кўриб чиқилди.
Иш бўйича жавобгар Б.Баҳодированинг ўз қилмишидан пушаймон бўлиб берган иқрорномаси ва гувоҳларнинг кўрсатмалари атрофлича муҳокама этилиб, Б.Баҳодирова ЎзМЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазога тортилди ва давлатга етказган 1 400 000 сўм миқдоридаги моддий зарар Б.Баҳодирова ҳисобидан ундириб олиниб, БҲМнинг 1 (бир) баравари миқдорида (300 000) сўм жарима жазосига ҳукм қилинди.
Хулоса шуки, инсоннинг энг ёқимли дўсти ҳам, энг ёқимсиз дўсти ҳам нафс, дейдилар. Қанчалик ёқимли бўлмасин, нафс инсонни ҳалокат ёқасига олиб боради ва қанчалик ёқимсиз бўлса-да ортидан эргашаверган инсонни ўз нафси қулига айлантиради ва эларо бадном қилади. Нафс балосидан асрасин, деганлари шу-да.
Ж.ЎРАЗБОЕВ, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶