14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 09:25
Сиёсат 👁 2,682

Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига

Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига
Азиз миришкор пахтакорлар!
Қадрли деҳқон ва фермерлар!
Сиз, азизларни шу кунларда ўта машаққатли, шу билан бирга, шарафли меҳнатингиз эвазига 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этиб, шартнома мажбуриятингизни адо этганингиз билан самимий табриклашдан, чин қалбимдан ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.
Пахта ўстиришнинг ўзи ҳар қайси деҳқон, фермер ва мутахассисдан нақадар мураккаб ва оғир меҳнатни, чуқур билим ва тажрибани, она еримизга меҳрини бериб, тупроқ билан тиллашиб яшашни, лўнда қилиб айтадиган бўлсак, кундалик фидойиликни талаб қилишини бутун элимиз, халқимиз яхши билади ва бу йилги мавсумда қўлга киритган зафарларингизни юксак баҳолайди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Халқимизда, деҳқон учун осон йилнинг ўзи бўлмайди, деган теран маъноли ибора бор. Бу йилги мавсум бу фикрни яна ва яна бир бор тасдиқлаб бермоқда. Баҳор фаслида ҳаво ҳароратининг одатдагидан нисбатан паст бўлгани, чигитнинг униб чиқиши 8-10 кунга кечиккани, айрим ҳудудларда ғўзани сел ва дўл уриб кетгани, турли касаллик ва зараркунандалар кўпайгани, ёздаги сув танқислиги, кузнинг анча эрта ва салқин келгани деҳқон ва фермерларимиз учун жиддий қийинчиликлар туғдирди.
Жорий мавсумнинг мана шундай ноқулай ва мураккаб келишига қарамасдан, биринчи навбатда кўп йиллар давомида тўпланган тажриба ва замонавий агротехникани самарали қўллаганимиз, шулар қаторида ўз вақтида ғўзани "шарбат” усулида суғориб, маҳаллий ўғитнинг орттириб берилгани, олим ва мутахассисларнинг тавсия ва маслаҳатлари туфайли, қандай оғир бўлмасин, ҳосилни сақлаб қолишга эришганимиз, бир сўз билан айтганда, деҳқон ва фермерларимизнинг мардлиги ва матонати, ташаббускорлиги бу йилги ютуғимизнинг қадр-қимматини янада оширади.
Шу маънода, бугунги юксак хирмонни бунёд этишда ўзини аямасдан, жонбозлик кўрсатиб, айтиш мумкинки, қаҳрамонона меҳнат қилган фермер ва деҳқонларимизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан миннатдорчилик изҳор этиб, уларга таҳсин ва тасаннолар билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман.
Азиз дўстлар, муҳтарам юртдошлар!
Ҳеч кимга сир эмас, юртимиз далаларида етиштириладиган ҳосилнинг, хусусан, пахта хомашёсининг тақдири биринчи навбатда ер унумдорлигига бевосита боғлиқ. Айни вақтда деҳқончиликда ҳар қайси экин майдони, ҳар қандай тупроқ унумдорлигининг ҳам чегараси борлигини унутмаслигимиз керак.
Шу боис барчамизни боқадиган она заминимизнинг келажагини ўйлаб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича қабул қилган давлат дастури доирасида амалга оширган улкан ишларимиз қишлоқ хўжалигида қандай катта бурилиш ясаганини бугун кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Ўтган 6 йил давомида мамлакатимиз бўйича 1 триллион 300 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 1 миллион 750 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Фақатгина кейинги икки йилда пахтачилик бўйича ҳосилдорлик 24 центнердан 26,5 центнерга ошгани ана шундай кенг кўламли ишларимизнинг муҳим натижаси бўлди, десак, янглишмаган бўламиз.
Охирги йилларда мамлакатимизда янги ғўза навларини яратиш, селекционер олимларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли 100 дан ортиқ янги навлар яратилгани, уларнинг 27 таси давлат реестрига киритилиб, амалда жорий этилаётгани ушбу тармоқнинг изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, эътироф этишимиз керакки, бугунги кунда Ўзбекистон шароитида ҳар қайси вилоят ва туман учун мос келадиган, серҳосил, юқори сифатли тола берадиган, эртапишар ғўза навларини чиқариш ва районлаштириш энг долзарб, ечимини барча деҳқонларимиз орзиқиб кутаётган муаммо бўлиб қолмоқда. Ана шу муҳим масалани ҳал этиш аввало мутасадди олимлар, селекция соҳасида ишлаётган мутахассисларнинг асосий вазифаси эканини яхши биламиз ва улардан бундай ғўза навларини тезроқ яратишларини кутамиз.
Бу йилги мавсум давомида биз дуч келган мураккаб синов ва қийинчиликларни бартараф этишда интенсив агротехнологиялардан оқилона фойдаланиб, ғўза қатор оралари ҳар йилгидан 4-5 марта кўп, ўртача 12 мартадан зиёд сифатли культивация қилингани, гектарига 5 тоннадан, жами 13 миллион тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит берилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Бугун барчамизга аён – биз қўлга киритаётган ютуқ ва марраларнинг асосий гарови ва ҳал қилувчи кучи бўлмиш фермерлик ҳаракатининг олдида турган муаммоларни ечиш, унинг қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, қишлоқ ҳаётидаги ролини кучайтириш бўйича олиб бораётган ишларимиз аввало бу йилги мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишда, етиштирилган мўл ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олишда мустаҳкам замин туғдирди, десак, ҳар томонлама ўринли бўлади.
Бунинг яққол тасдиғини республикамиз пахта хирмонининг қарийб 90 фоизи юқори сортларга топширилгани ҳам исботлаб беради.
Нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида эришаётган марраларимиз авваламбор халқимизга хос меҳнатсеварлик, мардлик ва матонат каби фазилатларда, ҳаёт ўзгариши билан одамларимизнинг онгу тафаккури тобора ўзгариб, уларнинг ўз ерига эгалик, масъулият ва дахлдорлик туйғуси, ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳиссиёти ортиб бораётганида намоён бўлмоқда ва халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Мана шу қувончли айёмда ўз шартнома мажбуриятларини биринчилардан бўлиб адо этган Андижон вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Бухоро вилоятлари, барча вилоятларимиз меҳнаткашлари мамлакатимизнинг юксак пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшганини миннатдорлик билан таъкидлашни истардим.

Айниқса, Амударё, Элликқалъа, Олтинкўл, Пахтаобод, Балиқчи, Пешку, Олот, Муборак, Яккабоғ, Қизилтепа, Навбаҳор, Наманган, Нарпай, Қумқўрғон, Бешариқ, Қува, Гурлан, Хонқа, Хива туманлари деҳқон ва фермерлари белгиланган режани қисқа фурсатда, 20-25 кунда бажариб, кўпчиликка ўрнак ва намуна бўлгани таҳсинга лойиқдир.

Бухоро туманидаги "Ислом Нарзиобод”, Жондор туманидаги "Жонибек Фарҳод”, Арнасой туманидаги "Сангзор”, Дўстлик туманидаги "Эшниёз бобо”, Миришкор туманидаги "Камалак”, Шаҳрисабз туманидаги "Умида она ўғли”, Навбаҳор туманидаги "Арслон бобо”, Кармана туманидаги "Авез бобо”, Пахтачи туманидаги "Мирзаев Шуҳрат”, Қумқўрғон туманидаги "Мунчоқтепа истиқболи”, Бекобод туманидаги "Комилжон”, Ҳазорасп туманидаги "Ғофур Руҳия”, Хонқа туманидаги "Мадир Хонқа” сингари ҳосилдорликни гектаридан 45-52 центнерга етказиб, юксак натижаларга эришган илғор фермер хўжаликларига самимий ташаккур билдираман.
Шулар қаторида фидокорона меҳнат қилиб, катта ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган фермер ва деҳқонларимизга, Ватанимизнинг улкан хирмонига муносиб ҳисса қўшган барча-барча инсонларга "Балли сизга, азизларим!” деб, уларни чин қалбдан табриклаш менга катта хурсандчилик бағишлайди.
Муҳтарам дўстлар!
Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳасида етакчи мамлакатлардан бири сифатидаги обрўйи ва нуфузи тобора ортиб бораётгани айниқса эътиборлидир.
Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўнинчи Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 50 га яқин давлатдан дунё бозорида ном қозонган 1000 дан зиёд йирик фирма ва компанияларнинг вакиллари иштирок этиб, деҳқонларимизнинг пешона тери билан етиштирилган пахта толасига, авваламбор, унинг юксак сифатига катта қизиқиш билдиргани ҳам шундан далолат беради.
Маълумки, 90-йилларда юртимизда етиштирилган жами пахта толасининг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланар эди. Ўтган қисқа даврда бу борадаги кўрсаткич 6 баробардан зиёд кўпайгани ҳамда бугунги кунда 44 фоизни ташкил этиб, чет мамлакатларга сотилаётган пахта толасига яна қўшимча қиймат қўшишга имконият яратаётгани шу йўналишда узоқни кўзлаб олиб бораётган ишларимизнинг амалий самарасидир.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда пахтачиликдан олинадиган ялпи даромад ўтган йилга нисбатан 12 фоиз ёки 400 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда. Бу йил пахта хомашёсини юқори сортларга сотишнинг ўзидан фермер хўжаликлари 200 миллиард сўмдан зиёд қўшимча даромад олишга муваффақ бўлишди. Бунинг ҳисобидан биз деҳқон ва фермерларимизнинг, қишлоқ аҳлининг даромадларини оширишга, кўзлаган эзгу марраларимизга етиш, эл-юртимизни янада обод ва фаровон бўлишига эришамиз, иншоолло.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Мана шундай хурсандчилик кунларда барчангизни мамлакатимиз тараққиёти йўлида қўлга киритилган катта меҳнат ғалабаси билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Эл-юртимиз, хонадонларимиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин!
Яратганимизнинг ўзи барчамизга доимо мададкор бўлсин!
Ҳеч қачон кам бўлманг, ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азизларим, қадрдонларим!
Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти
🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019