БОБУР НОМЛИ ОВУЛДА “БИБИХОНИМ МАКТАБИ” ҚИЗЛАРИ ИШТИРОКИДА ТАНЛОВ ЎТКАЗИЛДИ
Юртимизда ўсмир ёшдаги қизларни ҳаётга тайёрлаш, турли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш, етакчилик қобилиятини ошириш ҳамда замонавий касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш мақсадида “Бибихоним мактаблари” ташкил этилиб, машғулотлар йўлга қўйилмоқда. Машғулотларга жамоатчилик асосида Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Мўътабар аёл” кўкрак-нишони совриндорлари, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий соҳа мутахассислари, обрў-эътиборга ва катта тажрибага эга бўлган тарғиботчи хотин-қизлар, таълим муассасаларининг малакали ўқитувчи ҳамда психологлари жалб этилиб борилмоқда.
16 апрель куни Бобур номли овул фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбирда ҳудуддаги қизларнинг “Бибихоним мактаби” машғулотларида ўзлаштирган билимлари синовдан ўтказилди. Кўрик-танлов тарзида ўтказилган ушбу тадбирда 6-, 60-, 86-сонли мактабларнинг ўқувчи-қизлари иштирок этдилар ҳамда машғулотлар давомида эгаллаган билимларини намойиш қилдилар.
Тадбирга туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева ҳамда фуқаролар йиғинлари раисларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, овул ҳудудидаги мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчилари ташриф буюрдилар.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар туманимизда ҳам қизларнинг истеъдодларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ўсмир ёшдаги қизларни ҳаётга тизимли тайёрлаш, уларда турли ҳаётий вазиятларда муносиб қарор қабул қилиш кўникмалари ва замонавий касб-ҳунар эгаллашга бўлган интилишларини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ҳузурида ва фуқаролар йиғинларида “Бибихоним мактаблари” ташкил қилинганини айтиб ўтдилар. Ҳар бир ҳудудда белгиланган режа ва дастурлар асосида машғулотлар ташкил қилиниб, 18-22 нафаргача қизлар ушбу машғулотларга жалб этилаётгани, билим, кўникма ва малакалари оширилиб борилаётганини эътироф этдилар.
Тадбир давомида овулда ташкил этилган “Бибихоним мактаби” қизлари олтита шарт бўйича беллашдилар. Қизлар биринчи шартга кўра ўзларини шеър ва қўшиқлар ижро этиб, ўзларини таништирдилар. Иккинчи шартга кўра турли мавзуларда савол-жавоб ўтказилиб, қизларнинг билимлари синовдан ўтказилди.
Шундан сўнг, қизлар ўртасида баҳру-байт ўтказилиб, шеърият борасидаги билимдонликлари аниқланди. Миллий рақс шартига кўра қизлар ўзлари севиб ижро этадиган рақсларини намойиш этдилар.
Охирги шарт бўйича ''Бувижонлар ўгити'' деб номланган саҳна кўринишини ижро этишиб, шу орқали кекса онахонларнинг оиладаги ўрни, панду-насиҳатларининг тарбиядаги аҳамиятини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдилар.
Тадбир давомида қизлар ўзларининг қўл меҳнати билан ясалган бири-биридан чиройли ижод намуналарини ҳам намойиш этдилар. Ҳар бир қизнинг танловдаги иштироки ҳакамлар томонидан одилона баҳолаб борилди.
Танлов натижаларига кўра, 6- ва 86-сонли мактаб қизлари 59 балл, 60-сонли мактаб қизлари 50 балл тўплашга муваффақ бўлишди ҳамда бир хил натижаларга эришган 6- ва 86-сонли мактаб қизлари ғолиб деб топилди. Ғолибларга фахрий ёрлиқлар ва совғалар топширилди.
Тадбир Бобур номли овулдаги маданият марказида ташкил қилинган тўгараклар ҳаваскорлари томонидан ижро қилинган куй ва қўшиқлар билан янада мароқли ва мазмунли ўтди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶