ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ САМАРАЛИ ТАРЗДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРМОҚДА
Маълумки, жорий йилнинг 1 январидан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилган эди. Эътиборли жиҳати шундаки, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлар, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш учун ажратиладиган субсидиялар ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида берилади.
Амударё туманининг Тош ёп овул фуқаролар йиғинига бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Фахриддин Юсупов ҳам ўз маҳалласида “хонадонбай” ва “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйиб самарали тарзда фаолият олиб бормоқда.
Ҳоким ёрдамчиси томонидан дастлаб хатлов жараёнлари ўтказилиб аҳоли 4 тоифага ажратиб олинди. Биринчи тоифа − даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар, иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги хонадонлар, учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хонадонлар, тўртинчи тоифа – иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар.
Бундан ташқари, хатлов жараёнларида ишга лаёқатли ишсизлар, ногиронлиги бор фуқаролар, эҳтиёжманд оилалар аниқланди.
Ҳоким ёрдамчиси иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин шунга қарамай унинг кўмаги билан маҳаллада истиқомат қилувчи 7 нафар фуқароларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Фуқаролардан Махсуд Қурбанбаев 30 млн миқдорда имтиёзли кредит олиб 3 сотихлик иссиқхона қурди. Ушбу иссиқхонада етиштириладиган полиз экинлари маҳалладошларини хавфсиз ва табий маҳсулотлар билан таъминлабгина қолмасдан оиласи учун катта даромад манабига ҳам айланади. Яна бир фуқаро, Шерали Юсупов ҳам қўшимча даромад манбаига эга бўлишни ният қилиб, ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилди. Мурожаат тезда ечим топиб фуқарога мотокультиватор ва экинларни ўрин ускунаси олиб берилди. Чорвачилик қилиш истагидаги фуқаролардан Равшан Атажановга ҳам 16 млн имтиёзли кредит ажратилиб 5 та она-бола қўйлар олиб берилди. Бундан ташқари, яна 4 нафар фуқарога тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолиятларини ташкил этишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилиб, бандлиги таъминланди.
Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва тадбиркорлик объектларини кўпайтириш ҳоким ёрдамчилари олдига қўйилган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Умирбек Артикбаев томонидан маҳалла ҳудудида озиқ-овқат дўкони ҳамда умумий овқатланиш шахобчаси очилиши фуқаролар учун қулайликлар яратибгина қолмасдан, 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланишига сабаб бўлди. Умирбек Артикбаев тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида Фахриддин Юсуповнинг кўрсатган ёрдамлари эътирофга лойиқ эканлигини таъкидлаб, унга миннаддорлик билдирмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар фақатгина аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶