Ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида таълим муассасаларида тадбирлар ўтказилмоқда
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Амударё туманида ҳам халқимиз маданиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришда бадиий адабиётнинг ўрни, таъсири ва аҳамиятини янада ошириш, адабиёт, мусиқа, бадиий ва амалий санъат равнақига ҳисса қўшиш борасида ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда туманнинг барча жойларида ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, фахрийлар билан учрашувлар, тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Шундай адабий-бадиий кеча 12-сонли мактабда ҳам бўлиб ўтди. Унда мактабнинг юқори синф ўқувчилари, ўқитувчилар, таклиф қилинган меҳмонлар иштирок этдилар.
Шеърият кечасини мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчиси Мадраҳим Қурбонов кириш сўзи билан очди. Нафақадаги фахрий педагог, ижодкор шоир Турсунбой Абдуллаев ўқувчиларни буюк боболаримиз Алишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ижоди билан яқиндан таништириб, ғазалларидан намуналар ўқиб берди. Турсунбой Абдуллаев ўзи ёзган шеърларидан ўқувчиларга ўқиб бериб, яқинда нашрдан чиққан “Минг бир салом ва янги саломлар” китобини мактаб кутубхонасига совға қилди.

Фахрий педагог, шоир Аҳмад Нафасов Навоий ғазалларига ёзган мухаммасларидан ва турли мавзуларда ёзган шеърларидан ўқиб, ўқувчилар кўнглида шеъриятга хавас уйғотди ҳамда мактаб кутубхонасига “Келдим давонлар ошиб” номли китобини совға қилди.
“Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси Ўрозали Рейимов ўз сўзида туманимизда ижодкор ёшларга қаратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш учун олиб борилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Мактаб ўқувчиларидан Гўзалой Жумабоева, Зарнигор Норимбоевалар ўзлари ёд олган ғазал ва шеърларидан ўқиб бердилар.
Ана шундай адабий учрашув Манғит шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди.
Ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари ҳамда ёш ижодкорларнинг мактаб ўқувчилари билан учрашувида туманимизда фаолият олиб бораётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Ўрозали Рейимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг маънавияти ва дунёқарашини янада юксалтириш бўйича қилинаётган амалий ишлар ҳақида гапириб ўтди.
Мактаб директори Мурод Хайбуллаев ўз сўзида мактабдаги ёш ижодкорлар, китобхонлик тўгараги тўғрисида ва яқинда ўтказилган китобхонликни ривожлантириш мақсадида Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асари асосида туманимизнинг таниқли ижодкорлари Алламберган Жуманиязов ва Худойберган Жумамуродов билан учаршув ўтказилганлиги ҳамда мактабда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
Мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Зулфия Оллаёрова мактабда ташкил этилган “Нотиқлик ва ижод санъати” тўгарагининг ишлари ва истиқболдаги режалар билан таништириб ўтди.
“Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилотининг “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” лойиҳаси доирасида “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни китобхонликка жалб қилиш орқали гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш” мавзусида ўтказилган ушбу адабий кеча мактаб ўқувчилари кўнглида улкан таассуротлар қолдирди.
Ў.Реимов

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶