Ҳарбий қисмда сайёр қабул ўтказилди
Юртимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланишида амалий ёрдам кўрсатиш, оилаларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида мунтазам равишда соҳа мутасаддиларининг сайёр қабуллари ўтказилиб борилади. Қабуллардаги мурожаатлар асосида муаммолар ўрганилиб, уларнинг бартараф этилишига яқиндан кўмак берилади.
Амударё туманида ҳам Нукус ҳарбий прокурори ташаббуси билан ҳудуддаги ҳарбий қисмлар хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш бўйича сайёр қабул ташкил этилди.
21 январь куни Давлат хавфлик хизматига қарашли ҳарбий қисмда бўлиб ўтган ушбу сайёр қабулда Нукус ҳарбий прокурори Фахриддин Бегашев, ҳарбий қисмлар командирлари иштирок этдилар. Шунингдек, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис Гавҳар Чимбойчиева, Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходими Жумабой Ражабов, Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Хидирбой Тажимов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими масъуллари қатнашдилар.
Мутасадди ташкилот вакиллари ва ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари жалб этилган ушбу сайёр қабулда ҳарбий прокурор Фахриддин Бегашев дастлаб соҳадаги ўзгаришлар, янгиланиш ва ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ҳарбий қисмлар командирлари ҳам ҳарбий хизматчиларга давлатимиз томонидан берилаётган турли имтиёзлар бўйича кенг тушунчалар бердилар. Ҳарбийлар доимий равишда янги хизматни ўташ жойларига, шу жумладан, иқлим шароитлари оғир бўлган узоқ гарнизонларга кўчиб ўтиши натижасида, уларнинг фарзандлари таълим муассасаларини доимий равишда ўзгартириб туриши, мазкур ҳолат эса улар томонидан олинаётган билимлар сифатига таъсир кўрсатиши, шунингдек, уй-жойга, тиббий хизмат ва бошқа нарсаларга бўлган эҳтиёжлари давлат томонидан эътиборга олингани, шунга кўра ҳарбий хизматчиларга алоҳида имтиёзлар берилганини эътироф этдилар.
Сайёр қабул давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига соғлиқни сақлаш, коммунал муаммолар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ундан ташқари, мутасаддилар томонидан уй-жой субсидияси, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шароитлар, ипотека кредитларини олиш бўйича кўплаб саволларга жавоб берилди.
Шундан сўнг, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг мавжуд муаммолари, талаб, таклиф ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга амалий кўмак бериш чоралари кўрилди. Қабул жараёнда ҳарбий хизматчилар, соҳа пенсионерлари ва уларнинг оила аъзолари томонидан ишга жойлашиш борасида, уй-жой билан таъминланиш масаласида, мактабгача таълим муассасаларига фарзандларини жойлаштириш ва бошқа мазмундаги мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатларнинг аксариятига кўра мактабгача таълим, тиббиёт, бандликка кўмаклашиш, рўйхатга қўйиш каби қатор масалаларга тегишли соҳалар мутасаддилари билан биргаликда ечими изланди. Аксарият муаммолар шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Қўшимча муддат талаб этиладиган масалаларни қисқа вақт ичида ҳал қилиш ҳақида кўрсатмалар берилди.
О.Худойберганова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶