ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми ва усуллари жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Шу маънода айтиш керакки, мутасадди ташкилот вакиллари томонидан мурожаатларни жойига чиққан ҳолда, сайёр қабуллар орқали қабул қилиш амалиёти кенг йўлга қўйилганлиги халқимизнинг давлат идораларига нисбатан ишончи янада ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 12 январь куни Уйшин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 47-сонли мактабда 30 нафар фаол ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Амударё тумани ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Сардор Исмоилов, туман Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражапов ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишни туман Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов очиб берди ҳамда ёшларнинг юксак марраларни эгаллашлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, чексиз имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёшларни ўқиб билим олишга, ҳамда Ватан хизматига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват қилди. Шунингдек, билимга чанқоқ, изланувчан туманимиз ёшлари ҳақида ўзининг самимий фикр-мулоҳазларини билдирди.
Туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов ёшларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жорий йилда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган мақсадлар ва кўзда тутилган режалар ҳусусида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида ҳам илм-маърифатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Ёшлар асосан кредит олиш, бандлик ва касбга ўқитиш масалалари бўйича мурожаат қилдилар.
Маҳалланинг фаол ёшларидан Малика Исмаилова, Ирода Муратова, Навбаҳор Раҳимова, Малоҳат Жумамуратовалар келажакда тикувчилик йўналиши бўйича ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган бўлсалар, Шоҳзод Иноятов ветеренария соҳаси бўйича устоз-шогирд анъанасида касбга ўқиш истаги борлигини маълум қилди. Шунингдек, Олий таълим муассасасида таълим олувчи Азмиддин Олломберганов кантракт-тўлови учун, Матлуба Янгибоева электро печ олиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Кун тартибидан ўрин олган ушбу масалалар тегишли ташкилот вакиллари томонидан ўрганиб чиқилиб, тез орада амалий ёрдам бериш чоралари кўрилиши маълум қилинди. Сайёр қабул тарзида ўтказилган ушбу учрашув орқали ёшлар муаммо ва таклифларини очиқ-ойдин баён қилиб, тегишли кўрсатма ва тавсияларини олдилар.
Мурожаатлариниг 3 таси жойида ҳал қилинди. Муддат талаб қиладиган мурожаатлар эса соҳа мутасаддиларига топшириқ сифатида берилиб, муаммолар ижроси қаттиқ назоратга олиниши белгилаб қўйилди.
Бу каби учрашувлар орқали ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган ёшларнинг сафи камайиб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада ортади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар шу қадар чексизки, ёшлардан фақатгина улардан фойдаланиш, тинимсиз меҳнат қилиш ва билим олиш талаб этилади ҳолос.
Ф.Эшимбетова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶