ДХХ ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИГА ҚАРАШЛИ ҲАРБИЙ ҚИСМ ЗОБИТЛАРИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, айниқса, ҳарбий соҳага қизиқувчи ёшлар билан уларнинг орзулари, ўз олдларига қўйган эзгу мақсадларини амалга оширишлари йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 9202-сонли ҳарбий қисм зобитлари томонидан тез-тез учрашувлар, самимий мулоқот тадбирларини ўтказиш анъанага айланган.
Айниқса, Амударё туманининг чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар турли хил ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қиличбой маданият марказида бўлиб ўтган ана шундай тадбирлардан бири “Осойишта ҳаёт, хотиржам ва тинч маҳалла!” шиори остида қизиқарли таассуротларга бой тарзда ўтказилди.
Қиличбой мавзесидаги овул ва маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар билан учрашув тадбирида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли 9202-сонли ҳарбий қисм командири, подполковлик О.Нарзуллаев, 9202-сонли ҳарбий қисм командирининг ўринбосари С.Тошматов, Амударё тумани Ички ишлар бўлими ходими, капитан Баҳодир Алланазаров, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан ташаккурнома олган Дилафрўз Исмоилова, ЎзЁИ Амударё тумани Кенгаши раиси Сардор Исмоилов, Афғонистон уруши иштирокчиси, собиқ байналмилал жангчи Ҳамро Сафарбоев, Амударё туман Халқ таълими бўлимининг маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича бўлим бошлиғи Зафар Абдуллаев ҳамда “Мўътабар Аёл” кўкрак нишони соҳибаси Амина она Юсуповалар иштирок этдилар.
Ёшлар билан учрашув тадбирида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли 9202-сонли ҳарбий қисм командири, подполковник О.Нарзуллаев мамлакатимиз Қуролли кучларининг куч-қудрати, замонавий ҳарбий техникалар хусусида сўз юритиб, Миллий Армиямизни янада такомиллаштириш, уни дунёдаги қудратли армиялар сафига қўшиш бугунги ёшларга боғлиқ эканлигини, бунинг учун замонавий ҳарбий билимларни пухта эгаллаш, хорижий тилларни мукаммал даражада ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳар томонлама, ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан баркамол йигитларгина Миллий Армиямиз зобитлари бўлишга муносиблигини, бунинг учун, энг аввало, ўзи туғилиб-ўсган заминга чексиз меҳрмуҳаббат қўйиши, Ватаннинг ҳар бир қарич ерини муқаддас деб билиши зарурлигини, бугунги Қуролли Кучлар сафига айнан ана шундай салоҳиятли ёшлар танлаб олинишини мисоллар тариқасида ёшларга батафсил тушунтирди.

Шунингдек, учрашув тадбирида сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, бугунгидай тинч, осуда ҳаётнинг қадрига етиб, аҳил-иноқликда яшаш инсон учун энг улуғ бахт эканлигини айтишиб, ёшларни ҳалол ва фидойи меҳнат қилиб, бири-бирига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб яшашга даъват этдилар.
Ўз навбатида ёшлар ҳам сўзга чиқишиб, ўз орзулари ҳақида гапирдилар. Шу билан бирга, ҳарбий соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ёшлар томонидан ҳавола этилган барча саволларга масъуллар батафсил жавоб бердилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶