76-сонли мактабда физика фани бўйича республика илмий-амалий ўқув методик семинари бўлиб ўтди
Фан – техниканинг ривожланиши ва ахборот технологиялари соҳасидаги эришилаётган ютуқларни умумий ўрта таълим мактаблари дарсликлари, айниқса, физика фанида ўрганишга эътибор қаратиш давр тақозосидир.
Шулардан бири – виртуал лабораториядир. Виртуал лаборатория – бу график, матн, рақамли, мусиқали видео ва бошқа ахборотларнинг йиғиндиси бўлиб, ундан компьютер тармоқлари орқали фойдаланиш мумкин.
Виртуал лаборатория илмий-малакавий билимлар майдонида тизимлаштирилган материалларда ташкил топган бўлиб, бу майдонда ўқувчи, студентларнинг билимларини фаол ўстириб бориш имконияти мавжуд. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 мартдаги “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг таклифлари асосида виртуал лабораторияларни тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларида физика фанидан ўқув жараёнига татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
24 ноябрь куни Амударё туманидаги 76-сонли мактаб фаоллар залида “Физика фанидан билим сифатини орттиришда виртуал лабораторияларни ўқув жараёнига татбиқ этишнинг аҳамияти” мавзусида республика илмий-амалий ўқув методик семинари бўлиб ўтди.
Ўқув методик семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика таълим маркази директори ўринбосари Ойбек Давлетов, таълим маркази физика фани услубчиси Ўрингул Жўлдасова, Нукус давлат Педагогика институти ўқитувчиси Кенгесбай Турданов, туман Халқ таълими бўлими масъуллари, туманимиз мактабларининг физика фани ўқитувчилари, шунингдек, республика туманлари Халқ таълими бўлимлари физика фани услубчилари, мактабларининг физика фани ўқитувчилари иштирок этдилар.
Ўқув семинарни туман Халқ таълими бўлими мудири Акмал Исмоилов очди ва ўтказилаётган тадбирдан кўзланаётган мақсад-вазифалар ҳақида гапирди.
Тадбирда иштирок этган масъуллар физика фанидан ўқув жараёнига татбиқ этилиши режалаштирилаётган виртуал лаборатория, унинг аҳамияти хусусида маъруза қилдилар.
Шунингдек, туман Халқ таълими бўлими тизимидаги 40-сонли мактабнинг физика фани ўқитувчиси Сарвар Яхшимов, 18-сонли мактабнинг физика фани ўқитувчиси Нилуфар Отабоева, Нукус шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли 22-сонли ихтисослаштирилган мактаб физика фани ўқитувчиси Гулзира Сапаровалар виртуал лабораториядан фойдаланган ҳолда очиқ дарс ўтдилар.
Республика туманларидан келган физика фани ўқитувчилари “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этиб, ўз мутахассисликлари бўйича билимларини синовдан ўтказишди.
Ўқув семинар иштирокчилари таълимдаги янгиликлардан хабардор бўлиб, ўзаро тажриба алмашдилар, бир-биридан ўрганиб, бир-биридан ўргандилар.
Тадбирда фаол қатнашган ўқитувчиларга Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Отабек ОЛЛАЁРОВ, туман Халқ таълими бўлими услубчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶