АДЛИЯ БЎЛИМИ ФУҚАРОЛАРГА БОЛА ПАРВАРИШИ НАФАҚА ПУЛЛАРИНИ УНДИРИШДА КЎМАКЛАШДИ
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан охирги йилларда бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш, коррупциявий омилларни йўқотиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай, жойларда мутасадди ходимларнинг эътиборсизлиги ва ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараши оқибатида мазкур ижтимоий ёрдам ва нафақаларнинг вақтида, тўлиғича, ўз манзилларига етиб бормаётган ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Туман Адлия бўлимига шу йилнинг май ойига қадар ана шундай ҳолатлар юзасидан турли мазмундаги ариза ва шикоятлар келиб тушди. Мурожаатларни ўрганиш давомида фуқароларнинг 2 ёки 3 ойлик бола парвариш пуллари ўзларига номаълум сабабларга кўра тўланмасдан қолгани, бу бўйича тегишли идораларга қилган мурожаатлари ҳал қилинмасдан келинаётгани аниқланди.
Маълумки, Фуқаролик Кодексининг 15-моддасига мувофиқ, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарларни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.
Мазкур мурожаатларни ўрганишда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман Адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича туман судига даъво аризалари киритилди. Судда туман Адлия бўлимининг фуқаролар Л.Ш, Ш.А ва И.Р.лар манфаатида жавобгарлар, яъни Ўрта қалъа, Холимбег овуллари ва Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинига нисбатан, тўланмасдан қолган бола парвариши пулларини ундириш ҳақидаги даъво талаблари қисман қаноатлантирилди. Ушбу фуқароларга тўлаб берилиши лозим бўлган жами 3 млн. 38 минг сўм нафақа пуллари суд ҳал қилув қарори билан ундириб берилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йўл қўйилаётган бундай хато ва камчиликлар ўз вақтида, қонун йўли билан жойида бартараф қилинса, биринчидан, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига, уларнинг идорама-идора, судма-суд юришининг олдини олишга, иккинчидан, давлат идораларида ариза ва шикоятларнинг, судларда иш ҳажмининг камайишига ёрдам бўлар эди.
М.Матюсупов,
туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶