ЯНГИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Фарзанд тарбияси энг долзарб ҳамда ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайдиган масаллардан биридир. Бунда мактабгача таълимнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Кейинги йилларда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Шу асосда мактабгача таълимни янги сифат даражасига олиб чиқиш, соҳада хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Чунки мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, соғлом ва баркамол болани тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Туманимизда ҳам Мактабгача таълим ташкилотлари сони йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Ҳозирги вақтда туманда 50 та давлат, 4 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 57 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг жами сони 111 тани ташкил қилади.
Шу йилнинг 1 июнь куни туманимизда давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони яна биттага кўпайди. Тошёп овули ҳудудида 2020 йилда Инвистиция дастури доирасида қурилиши бошланган, умумий қиймати 2 млрд. 685 млн. сўмни ташкил қилган 51-сонли мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиши тугалланиб, фойдаланишга топширилди.
Муассаса ишга туширилишига бағишланган тантанада туман ҳокими, ўринбосарлари, сектор раҳбари, мактабгача таълим тизими ходимлари, овул фаоллари қатнашдилар.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдошев, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Айдос Сейитов, Тошёп овул фуқаролар йиғини раиси Гулшод Собирова, таълим фахрийси, овул фаоли Каримбой Ражабовлар сўзга чиқиб, овул аҳлини фарзандлари учун ана шундай муҳташам болалар маскани қурилиб, ишга туширилиши муносабати билан қутладилар.
Шундан сўнг рамзий тасма кесилиб, тантана иштирокчилари бино ичкарисига кирдилар ва бу ерда болажонларнинг яйраб-қувнаб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Муассаса 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, болажонлар учун барча қулайликлар яратилган, мусиқа, рус ва инглиз тиллари тўгараклари, спорт машғулотлари ўтказиладиган хоналар зарур қўлланмалар, кўргазмали қуроллар, замонавий спорт буюмлари билан тўлиқ жиҳозланган.
Туманимиз кўркига кўрк бағишлаб турган муҳташам бинони қуришда “Манғит сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ва қурувчилари жонбозлик кўрсатиб, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига болажонларга муносиб совға тайёрладилар.
Муассаса тарбияланувчилари ижросидаги шўх қўшиқ, расмлар, ифодали ўқилган шеърлар тадбир иштирокчиларига завқ бағишлади.
Айтиш жоизки, туманимизда 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 16 минг 682 нафарни ташкил этиб, шундан 11 минг нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Яъни қамраб олиш кўрсатгичи 66 фоизни ташкил қилади. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 67,4 фоизга етказиш режалаштирилган.
Янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган мазкур мактабгача таълим ташкилоти биноси ҳам овул болажонларининг яйраб улғайиши ва таълим-тарбия олишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Ойгул Ражабова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶