СИНФ РАҲБАР - ИККИНЧИ ОНА
Бола илк маротаба мактаб остонасига қадам қўйган онлариданоқ уни ўз фарзандидек кўриб, бағрига олиб, таълим-тарбия берувчи улуғ зот бу - Устоздир.
Aйниқса, бошланғич синфларда синф раҳбарининг роли, меҳнати жуда катта. Чунки ўқувчи биринчи синфга келган пайти ёзилмаган оқ қоғоздек бўлади. Синф раҳбарининг меҳри, таълим-тарбияси ила ёзишни, ўқишни, ҳисоб-китобни ва табиатдаги ҳодисаларни ўрганади. Синф раҳбари булар билан чекланиб қолмай, мактабда, кўчада, жамоат жойларида ўзини тутишни, одоб-ахлоқ қоидалари, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиш, бир-бирлари билан дўст-иноқ бўлиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби сифатларни ўқувчиларнинг онг-у шуурига сингдиради . Шунинг учун ҳам бошланғич синф ўқувчилари синф раҳбарини ўзларининг иккинчи онасидек билиб, ҳурмат қилишади ва меҳр кўрсатишади.
Бир пайтлар ўзим ҳам биринчи синфга қадам қўйганимда устозим, синф раҳбарим, Дармонжон опа Хўжаева мени ўзининг жажжи қизалоғидек кўриб, меҳр ила қўлларимдан тутиб, ёзишни ўргатган. Aъло баҳоларга ўқисам қувонган, сал оқсасам, хато ва камчиликларимни тўғрилашга ёрдам берган. Устозимнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, гапириши, меҳрибонлиги, кийиниш одоби, қўйингки, барча хислатлари мен учун ибрат бўлган. Ўша пайтлардаёқ менинг мурғак қалбимда биринчи устозим каби устоз бўлиш орзуси туғён урган.
Йиллар ўтиб, ўқиб-ўрганиб, институтни битиргач, бу орзуимга етдим. Ўзим ҳам бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб иш бошладим. Бу йил биринчи қалдирғочларимни юқори синфга кузатаяпман. Уларга қараб туриб ҳар бири ўз фарзандимдек бўлиб қолганини ҳис қиламан. Ҳар бир ўқувчимнинг биринчи синфга келган пайтлари кўз ўнгимдан ўтади. Шу тўрт йил мобайнида уларнинг келажакда жамиятимизга фойдаси тегадиган етук инсон бўлишлари ва ҳаётнинг паст-баландликларида қоқилмасликлари учун қўлимдан келганча таълим-тарбия бердим, деб ўйлайман.
Ўқувчиларимнинг ҳар бири ўзига хос олам. Уларнинг қизиқишлари, интилишари, орзу-ниятлари ўзгача. Барчасига келгуси ўқишларида омадлар тилаб, Ўзбекистонимизнинг байроғини юксакларга кўтарувчи инсонлар бўлиб етишишларини Aллоҳдан сўраб қоламан.
Шаҳло AБДОЛБОЕВА, 12-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶