“ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ” ДОИРАСИДА ЎТКАЗИЛГАН ТАДБИРЛАР ИШТИРОКЧИЛАРДА ЎЧМАС ТААССУРОТЛАР ҚОЛДИРДИ
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли кўнгилочар тадбирлар, таълим ва спортга оид беллашувлар, бадиий кўргазмалар, муваффақиятга эришаётган тадбиркорлар билан учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Ёшлар фестивали” давом этмоқда.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида Муҳтарам Президентимиз белгилаб берган 5 муҳим ташаббус ижросини таъминлаш ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига шароит яратиш, санъатга, спортга кенг жалб қилиш компьютер саводхонлигини ошириш, касб-ҳунар эгаллаб, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган фестивал доирасидаги тадбирларда ёшлар фаол иштирок этмоқдалар.
Фестивал доирасида Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ташаббуси билан Манғит шаҳридаги 82-сонли мактабда ҳам қатор тадбирлар ўтказилди. Дастлаб, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган ярмаркада 54 та корхона-ташкилотлар жами 170 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашди, 12 нафар ёшлар ўзлари танлаган бўш иш ўринларига жойлашдилар.

Бўш иш ўринлари ярмаркасидан сўнг мактаб фаоллар залида ёшлар билан самарали мулоқот қилиш, уларнинг таклиф-истакларини ўрганиш ва биргаликда ҳал этиш мақсадида “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашувидан сўнг туманимизда фаолият юритаётган 92-02 “К” ҳарбий қисми ҳарбий хизматчиларининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ҳарбий хизматчилар ёшларга мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини сақлаш, муддатли ҳарбий хизмат бурчини адо этиш ҳар бир йигитнинг олий вазифаси эканлиги хусусида, мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида қизиқарли баён қилиб бердилар. Иштирокчи ёшлар ҳарбий хизматчиларга муддатли ҳарбий хизмат, муддатли хизмат бурчини ўтаган йигитларга ишга жойлашиш, олийгоҳларга ўқишга киришда яратилган имтиёзлар тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, жавоблар олдилар.
Суҳбат тугагач, ҳарбий йигитлар ва туманимизнинг спортсевар йигитлари ўртасида мини футбол мусобақаси ўтказилди. Чордара маҳалласида жойлашган сунъий қопламали минни футбол майдончасида бўлиб ўтган минни футбол мусобақасини томоша қилувчилар, жамоаларни қўллаб-қувватловчилар кўп бўлди.
Ғолиблар Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан рағбатлантирилди. Энг муҳими, муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган йигитлар ва туманимизнинг спортсевар ёшлари мусобақа туфайли яқиндан танишдилар. Ўрталарида илиқ дўстона муносабат шаклланди. Натижада мусобақа давомида ўйин қоидаларига тўла амал қилинди ва бир-бирларининг ўйиндаги маҳоратларига ғолиблик учун сидқидилдан интилишларига тан бердилар.
“Ёшлар фестивали” доирасидаги ўтказилган тадбирларнинг барчаси иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди, эзгу мақсадлар сари интилишга рағбатлантирди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶