ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
Ҳар бир мамлакатнинг салоҳияти, куч-қудрати ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик билан ўлчанади.
Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда навқирон авлодни она Ватанимизга содиқ бўлишдек эзгу ғоя ва мақсадлар атрофига бирлаштириш, уларни умумбашарий қадриятларга ҳурмат, шу муқаддас она Ватанимизга муҳаббат руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эътиборга моликдир. Ёшлар бандлигини таъминлаш, муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида ўтказилаётган “Ёшлар учрашувлари” ҳам шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу йилнинг 12 декабрида Ўрта қалъа овул фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган “Ёшлар учрашуви”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов, туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Жасур Давлетов ва тумандаги корхона, ташкилотлар раҳбарлари, овулнинг фаол 48 нафар ёшлари иштирок этдилар.
Йиғилишни туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов очди ва йиғилганларни кун тартибидаги масала билан таништирди. Маърузачи ўз сўзида шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, илм олишлари, ўз қобилиятларини намоён этишлари ва ишлашлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирди. Хусусан, ишсиз ёшлар ўз қизиқишларига кўра, ўз-ўзини меҳнат билан банд қилиши ё бирон тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаса, қандай йўл тутиши, қаерга, кимга мурожаат қилиши лозимлиги, кредитлар олишда қандай енгилликлар назарда тутилганлиги ҳақида батафсил тушунтириш берди. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, туман ҳокимлиги ташаббускор, юртим равнақига ҳисса қўшаман, деб интиладиган ёшларни доим қўллаб-қувватлашини билдирди.
Туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов сўзга чиқиб, ёшлик – ўқиш, ўрганиш, ишлаб, юксак марраларни эгаллаш учун муҳим давр эканлигини таъкидлаб, ёшларни бундан унумли фойдаланишга даъват этди.
Шундан сўнг, навбат учрашув иштирокчиларига берилди. Овул ёшлари Зоҳид Чоршамов, Сарвар Жумабоевлар ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда ёрдам сўраб, Жавоҳир Саидкамолов, Шаҳзода Раҳимова, Жалолиддин Йўлдошевлар ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилдилар.
Овул ҳудудидаги Арна бўйи маҳалласида истиқомат қилувчи Шинар Бозорбоева Манғит – Куюк кўпир магистраль йўли бўйига, 27-мактаб атрофига ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун пиёдалар йўлакчаси қуриш ҳамда йўлга кесиб ўтиш белгисини ўрнатиш бўйича, Боғ маҳалласида яшовчи Азизбек Худанов, Шавкат Сапаровлар мобиль алоқани яхшилашда, Ўрта қалъа овулида яшовчи Шоҳруҳ Қўчқоров моддий ёрдам олишда, Боғ маҳалласида яшовчи Холида Нурбоева таълим кредити олишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилдилар.
Ёшлар мурожаатларини ижобий ҳал қилиш юзасидан чоралар кўриш учун тегишли маъсулларга топшириқлар берилди ва ижросини назорат қилиш белгилаб олинди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶