ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАН ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ
Юртимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш, улар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишда бу йўналишда масъул бўлган давлат органлари, жамоат ташкилотлари томонидан ҳамкорликда иш олиб борилади.
Туман ҳокимлигида Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро Комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссия раисининг ўринбосари М.Шерметов, комиссия масъул котиби, комиссия аъзолари, ИИБ профилактика инспектори ва бошқалар иштирок этдилар.
8 октябрь куни ўтказилган мазкур йиғилишда тумандаги маҳаллалардан бирида яшовчи вояга етмаган фуқаро томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликка доир иш муҳокама қилиниб, бу бўйича тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилди.
Йиғилишни комиссия раиси ўринбосари М.Шерметов кириш сўзи билан очди ва иштирокчиларни кун тартибидаги масала билан таништирди.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, мактабнинг 10-синф ўқувчиси, вояга етмаган фуқаро туман марказидаги йўллардан бирида отаси номидаги “Кобальт” русумли автомобилни рухсатсиз бошқариб кетаётган вақтида ҚР ИИВ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари томонидан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаро вояга етмасдан туриб, отаси номидаги “Кобальт” русумли автомобилни рухсатсиз бошқарганлигини, уни ҚР ИИВ ЙҲҲБ ЙПХ ходимлари ушлаб олганлигини, бошқа бундай ҳолатлар такрорланмаслигини, қилган ишидан пушаймонлигини айтиб тушунтириш хати берган.
Йиғилиш давомида ҳуқуқбузарнинг отаси сўзга чиқиб, бундан кейин ўғлининг назорати билан қаттиқ шуғулланишини ва мактабдаги дарсларга мунтазам равишда юборишини, бемаҳал, берухсат ҳеч қаерга юбормаслигини айтди.
М. Шерметов ўз сўзида шундай ҳолатларни содир бўлишида ота-оналар билан бир қаторда ўқитувчи ва маҳалла масъулларининг ҳам эътиборсизлиги, ёшларга таълим-тарбия беришда, тартиб-интизомини назорат қилишда, бепарволикка йўл қўйилаётганлигига тўхталди. Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича фарзанди вояга етмаган бўлишига қарамасдан, эътиборсизлик қилиб, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этишига йўл қўйганлиги сабабли, унинг отаси ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбланишини маълум қилиб ўтди.
Кун тартибидаги масала бўйича масъуллар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, комиссия аъзолари ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузарга қонуний чора кўрилишини лозим деб топди.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олишда, энг аввало, уларни назоратсиз қолдирмаслик, бўш вақтларидан унумли фойдаланишиини таъминлашга эътибор қаратиш керак. Бу борада турли жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда самарали иш олиб борилиш муҳим аҳамият касб этади.
Ж.Холмуродов, туман ҳокимлигининг Вояга етмаганлар
ишлари бўйича идоралараро Комиссияси масъул котиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶