Аграр соҳа ходимлари пандемия даврида ҳам мўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлида меҳнат қилишмоқда
Айни кунларда амударёлик фермер хўжаликлари ижарачилари ғўза ниҳолларини суғориш, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини жадаллик билан олиб боришиб, мўл ҳосил етиштириш орқали туман иқтисодини юксалтиришга ҳаракат қилишаяпти.
Қангли овулидаги “Айтимбетов Қурбонбой” фермер хўжалигида 60 гектар майдонга экилган ғўза ниҳолларини биринчи суғориш тадбири сифатли якунланди.
Пахтачиликдан кўзланганидай ҳосил олишда ғўза парвариши давридаги агротехник тадбирларнинг, айниқса, суғоришнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши жуда муҳим. Буни яхши ҳис қилган хўжалик ижарачилари барча далалардаги ғўза ниҳолларининг меъёрида суғорилишига эришдилар. Натижада барча далалардаги ниҳоллар гуллаб, ҳосил нишоналарини тугмоқда.
Мазкур хўжаликда пахтадан ташқари боғдорчилик, асаларичилик ва балиқчилик тармоқлари ҳам бор. 3 гектарлик майдонни эгаллаган боғда олма, анор, узум, ўрик, нок, беҳи каби турли дарахтлар мева бериб турибди. Ҳар бир мевали дарахтнинг эртаги ва кузги навлари мавжуд. Барча тармоқлардан олинаётган даромад эса хўжалик иқтисодининг яна ҳам юксалишига, 22 нафар ижарачиларнинг меҳнат ҳақлари ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишига асос бўлаётир. Қолаверса, хўжаликнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, сурим, чопиқ тракторлари харид қилинди. Буғдойдан бўшаган 8 гектар ерларга ушбу техникалар ёрдамида такрорий экинлар экилмоқда.
Шуниси эътиборлики, май ойида ғўза ниҳоллари униб чиққан вақтида ёққан кучли ёмғирдан талофат кўрилган 2 та картадаги 5 гектарча майдондаги ғўза ниҳоллари алоҳида парвариш қилиниб, озиқлантирилиб, яхши ривожланишига эришилди.
Анвар Камолов Оқ олтин овулидаги “Камолов Ендир” фермер хўжалигини 7 йилдан бери бошқариб келади. Хўжаликнинг 70 гектар пахта майдони 65 нафар ижарачига бўлиб берилган. Барча ижарачилар ҳам ўзларига биркитилган майдонлардаги ғўза ниҳолларини бегона ўтлардан тозалаб, қондириб суғордилар ва яхши ривожланишига эришмоқдалар.
Хўжаликда ҳосили йиғиштириб олинган 7 гектар буғдой майдонининг 3 гектарига кузги сабзи экиш учун тайёрланди. Қолган майдонларга эса хўжалик чорваси учун озуқабоп экинлар экилди. Ерларни суриш, экишга тайёрлаш каби ишларнинг барчаси хўжаликнинг ўз техникалари ёрдамида бажарилмоқда.
Хўжалик ижарачилари барча экин майдонлардан мўл ҳосил олиш, халқимиз дастурхони тўкин-сочин бўлишига ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган карантин чекловлари даврида туманимиз аграр соҳа ходимлари барча экинлардан мўл ҳосил етиштириб, халқимиз дастурхони тўкин бўлиши йўлида меҳнат қилмоқдалар. Бу эса нафақат фермер хўжаликларининг иқтисоди юксалиб, ишчиларнинг моддий манфаатдорлиги ошишига, балки мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
О.PАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶