ЎЗБЕКИСТОН ФАРЗАНДИ ЭКАНЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН,дейди Пак Владимир Александрович
Бу рўйи заминда турфа миллатлар, турфа эл ва элатлар бор. Дунёнинг қай бир жойида оқ танли қора танлини ирқий жиҳатдан камситса, қайдадир миллатчилик низолари туфайли инсонлар бири-бирини янчиб ташлашга тайёр. Аммо бизнинг Ўзбекистонда, минг шукурки, миллатлараро тотувлик туйғуси ҳар бир қалбга, ҳар битта маҳаллага, оилага маънавий куч бағишлайди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда салкам 140 га яқин миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилишади.
Биргина бизнинг Аму элимизда 10 дан ортиқ миллат вакиллари ўртасида худди туғишган қариндошлардай меҳр-оқибат ришталари бор. Манғит шаҳрининг Навоий номли маҳалласида яшовчи корейс миллатига мансуб Пак Владимир Александрович ва унинг рафиқаси Зоя Мунлар оиласини кўпчилик яхши танишади. Бунинг боиси бор, албатта. Чунки Владимир учун ҳам, Зояхоним учун ҳам Манғит – киндик қони томган тупроқ, азиз Ватан. Улар ана шу муқаддас гўшани дунёнинг жамики моддиятларидан улуғ тутиб, манғитликлар билан қон-қариндош, дўст бўлиб яшашдан маънавий куч оладилар.
– Ота-онам ўзларининг болалик даврларини аччиқ хотиралар билан ҳикоя қилардилар, – дейди Пак Владимир Александрович. – Чунки бобом ва бувим қатағон қурбонлари бўлишган экан. Барча қариндошларимизни собиқ СССРнинг турли ўлкаларига сургун қилишганларида бобом билан бувимнинг тақдири Қозоғистон Республикаси билан туташган ва шу юртдаги саргардонлик йилларида отам Пак Александр дунёга келган.
Владимирнинг отаси улғайиб, тақдир тақозоси билан ўзи тенги корейс қизи Ким Людмила билан турмуш қуришган.
– Онам Ким Людмилани кўпчилик танирди, – дейди Владимир Александрович. – У умр бўйи тиббиёт бирлашмасида ҳисобчи вазифасида ишлади. Отам эса монтёрлик касби билан халқимизга танилган жуда меҳнаткаш инсон эдилар.
Россиянинг Волгоград шаҳридаги телекоммуникация техникумини тугатган Владимир Александрович ҳамиша эл-юрт хизматида. Умр йўлдоши Зоя Мун билан икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказишмоқда. Катта ўғли Андрей ҚДУнинг иқтисодиёт факультети талабаси, кичик ўғли Александр эса 30-сонли мактабнинг аълочи ўқувчиларидан бири.
Владимир Александрович билан Зояхонимнинг ўзлари ҳамиша ҳаётда амал қиладиган шиорлари бор:
– Инсоннинг кўнгли тоза, феъли тўғри бўлса, ҳеч қачон, ҳеч кимдан ёмонлик кўрмайди, – дейишади улар.
Ҳақиқатан ҳам бу хонадондан яхшиларнинг асло қадами узилмайди. “Vision” компаниясининг дилери сифатида кўпчиликнинг оғирини енгил қилишга ҳамиша интилиб тургувчи Зоя Мун ҳайит ва байрамларда гул-гул очилиб, халқ сайилларига чиқишни, маҳалладошларини муборакбод этишни хуш кўради.
– Наврўз – жуда ажойиб байрам, айниқса, сумалак сайиллари зўр! – дейди Зоя Мун мамнуният билан.
– Бундан ҳам зўри – етти ёшдан етмиш ёшгача, кекса-ю ёш биргаликда кўчат экишгани, – дейди Пак Владимир Александрович. – Ўзбек халқининг самимийлиги, меҳр-оқибати, саховатпешалиги Наврўзда яққол намоён бўлади. Ана шундай юртни менинг Ватаним, дейиш нақадар бахт. Биз оиламиз билан Ўзбекистонга фарзанд эканлигимиздан, оиламиз ана шу буюк Ватан ичра кичик бир Ватан – фаровон, обод, тинч гўша эканлигидан ҳамиша фахрланамиз! Барча юртдошларимизни Наврўзи олам билан чин дилдан муборакбод этаман. Мамлакатимизда ДЎСТЛИК ТИНЧЛИК, ТОТУВЛИК, МУСТАҚИЛЛИК МАНГУ БАРҚАРОР бўлсин.
Робия ЙЎЛДОШЕВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶