ҲАР БИР ОИЛА ТАДБИРКОР БЎЛАДИ
Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришда бандликни таъминлаш, даромад манбаларини яратиш ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис юртимизда бу борада турли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолига кенг имконият яратилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик бўйича ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланиб, давлатимиз томонидан ҳам амалий, ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли учун имконият
Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисидаги қарор ҳам айнан шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу қарор асосан меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини тадбиркорлик, ҳунармандлик, фермерлик, касаначиликка ўргатиш орқали уларга даромад манбаини яратиб беришга қаратилган.
Қарорга асосан қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ерлар ва бинолар янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бириктирилади. Тадбиркорлар учун бу жуда катта имконият бўлиб, энди қўшимча иш ўринлари ва даромад манбалари яратилади.
Дастур доирасида кредитлар ажратилади
“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тўғрисидаги Низомга кўра, тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадлари учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдорда микрокредит, кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирма, кичик корхона, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда оилавий тадбиркорлик субъектлари учун эса энг кам иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда кредитлар ажратиш кўзда тутилган. Кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдорида белгиланган. Бунда кредит линияси 3 фоизни, банк маржаси 4 фоизни ташкил этади.
Микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади. Кредитлар эса ушбу кредит ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес режасига мувофиқ ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши мумкин.
Кредитлар сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари тавсияномаларига асосан берилади.
Қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Кредитларни расмийлаштиришда жисмоний шахслар банкка ариза, паспорт нусхаси ҳамда кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсияномаларни топширишлари керак.
Гаров ёки кафиллик: қайси бири қабул қилинади?
Банклар томонидан кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида жисмоний шахслардан ўзи яшайдиган ҳудуд сектори раҳбари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсиянома қабул қилинади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари кредит олиш учун банкка ариза, бизнесрежа, тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси, 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот каби ҳужжатларни тақдим этади. Янги ташкил этилган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари эса ариза ва бизнес режаларини топширса кифоя.
Кичик тадбиркорлик субъектлари кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги ёки қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турларидан бирини тақдим этади. Тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектларига юқорида назарда тутилган таъминот турларини талаб қилмасдан ҳам энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача бўлган миқдорда ишончли микрокредит бериш ҳуқуқига эга. Бунинг учун кредит олувчи тадбиркор муайян даромадга эгалигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши лозим.
Самарали лойиҳалар учун кўпроқ миқдорда кредитлар ажратилади
Дастур доирасида туман ва шаҳарларда самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд бўлган лойиҳаларга ҳам тегишли ресурслар ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган. Бундай самарали лойиҳалар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда аҳамиятли деб топилса, тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан танлаб олинади.
Микрокредитнинг бир қисми нақд пулда ҳам берилиши мумкин
Дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар алоҳида кредит ҳисоб варағи очилиб, тўлов топшириқномаларига мувофиқ, нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади.
Аммо жисмоний шахсларга имтиёзли микрокредитлар ажратилаётган лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларига кўра, кредит ҳисобига олинадиган маҳсулотни пул ўтказиш орқали сотиб олишга имконият бўлмаган тақдирда ҳудудий ишчи гуруҳга маълум қилинади. Уларнинг бу бўйича чиқарган хулосаларига кўра микрокредитнинг бир қисми нақд пулда ҳам берилиши мумкин.
Кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан қайтариш мумкин.
Лекин олинган кредитдан бошқа мақсадда фойдаланилса, банк томонидан тегишли тартибда мақсадсиз ишлатилган қисми муддатидан илгари ундириб олинади.
Бугунги кунда қайси соҳада бўлмасин, изланиш, имкон топиб янада яхши яшаш учун ҳаракат қилиш замон талабига айланган. Албатта, бунинг учун айни пайтда имконият етарли. Фақатгина истак ва интилиш бўлса бас.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан татбиқ этилаётган “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг янада жадаллашишига, иқтисодиётимиз янада юксалиб, аҳоли турмуши бундан-да фаровон бўлишига хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶