Аёллар – маҳалла кўрки
Ҳар бир жамиятда аёлларнинг ўрни, нуфузи алоҳида. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Мамлакатимизда ҳам жамиятимиз ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшаётган, юртимиз довруғини дунёга таратаётган, фарзандлари тарбияси учун қайғураётган, жамоатчилик ишларида ўзининг фаоллиги билан ажралиб турган аёллар кўпчиликни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йилда Ўзбекистон Хотин-қизларига йўллаган табригида таъкидлаганидек, аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз барчамиз қайси касбда ишламайлик, қаерда таълим олмайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.
Донишмандларнинг "Қайсидир миллатнинг нималарга қодирлигини билмоқчи бўлсанг, унинг аёлига боқ” деган ҳикмати бор. Чиндан ҳам ҳар бир халқ – аёлнинг маҳсулидир. Мева дарахтдан устун бўла олмаганидек, фарзанд ҳам онасидан устун бўлолмайди. Демак, аёлнинг қудратига қараб унинг тарбиялаётган фарзандига баҳо бериш мумкин экан. Шу ўринда қайсидир халқнинг келажагини тасаввур қилмоқчи бўлсангиз, унинг аёлга бўлган муносабатига назар солинг, дегим келади. Зеро, аёлга ҳурмат-эҳтиром, унга ғамхўрлик – келажакка ғамхўрликдир. Аёлини улуғлаган миллатнинг келажаги албатта буюк бўлади. Шундай экан, азиз аёлларни 8 март – Хотин-қизлар байрами билан табриклаш уларнинг кучига куч, шижоат қўшишига шубҳа йўқ.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши томонидан ташкил қилинган “Аёллар маҳалла кўрки” деб номланган байрам тадбири 6 март куни Манғит иқтисодиёт касб ҳунар коллежида бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир маҳалла ҳаётида фаол иштирок этаётган аёллар, ўз фарзандлари тарбиясига катта эътибор қаратаётган, ёшларнинг улкан муваффақият ва ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшаётган оналарни байрам билан табриклаш мақсадида ташкил қилинди.
Тадбирни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Аширбой Қўшаев очди ва муҳтарама аёлларни байрам билан табриклади.
Тадбирда оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оилаларда тинчлик ва тотувликни сақлаш, турли низоларнинг олдини олиш, оилада ота – онанинг соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрни ва ролини ошириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар йиғинларида ташкил этилган “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари, шунгидек, маҳалла маслаҳатчилари иштирок этдилар.
Маҳалла институтини мустаҳкамлашга ўзининг ҳиссасини қўшаётган, маҳалласининг фахри ва ғурури бўлган онахон-қайноналарга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши томонидан тайёрланган байрам совғалари топширилди.
Тадбир давомида 21-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар меҳмонларга завқ ва шавқ бағишлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶