Тарғибот тадбирлари ўтказилди
Шу йилнинг 21 октябрь куни туманимизда "Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, "Ўзбеккино” миллий агентлиги, "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, "Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
Туманимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўлиб ўтган учрашувларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъат намояндалари мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган оламшумул ютуқлар, барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар хусусида батафсил сўзладилар.
Шу куни 21-сонли умумтаълим мактаби биноси олди байрамона безатилди. Азиз меҳмонларни ўқувчи-ёшлар, мактаб ўқитувчилар жамоаси нон-туз билан қарши олдилар. Меҳмонларга спортбилан шуғулланиб, ютуқларга эришган, кўксига қўша-қўша медаллар таққан иқтидорли ўқувчилар пешвоз чиқдилар.
Мактаб фаоллар залида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Ерназар Бекназаров, Қорақалпоғистон халқ шоири, "Дўстлик” ордени соҳиби Музаффар Аҳмедов, фахрий ўқитувчи Турсунбой Абдуллаевлар кун тартибидаги мавзу юзасидан қизиқарли маърузалар қилдилар. Опера хонандаси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Дарибой Хўжабергеновнинг сўзлари айниқса ўқувчи ёшларда улкан таассуротлар қолдирди.
- Мен ўз ижодий ютуқларимни албатта мустақиллик меваси, деб биламан, - деди у сўзида. – Авваллари Ўзбекистонни, Қорақалпоғистонни дунё билармиди? Йўқ! Ҳеч кимнинг иқтидорига, истеъдодига эътибор берилмаган, тарбияланмаган.
Мен бундан ўн йилча олдин Италия давлатида опера хонандаларининг танловида қатнашдим. Дастлаб мени ҳеч ким назарига илмади. Навбатим етиб, ижроимни бошлаганимдан сўнг, томошабинлар ҳам, ҳакамлар ҳам диққат билан тинглай бошлашди. Қўшиқ тугагандаги олқишлардан зал ларзага келди. Қувонганимдан зўрға саҳнадан тушдим. Ғолиблар сафида эканимни эълон қилишганида қувончим ичимга сиғмай, кўзларимдан ёш бўлиб чиқди.
Ўйлаб кўринг, азизлар! Бу оддий бир ижодкорнинг ҳаётида мустақиллигимиз берган имконларнинг ифодаси эмасми? Ҳозир санъатда, спортда, фанда ёшларимиз эришаётган ютуқлар дунёни лол қолдираяпти. Буларнинг бари истиқлол шарофати-ку!
Қорақалпоғистон "Ёш томошабинлар театри актёри Саломат Арзиев маърузасидан сўнг хонанда Шерзод Машарипов ижро этган ашулалар барчага манзур бўлди.
Худди шундай тадбир Амударё академик лицейи ва 40-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди. Ўқувчи-ёшлар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғофур Шермуҳаммедов, ёзувчи ва драматург, "Инсон ва Қонун” газетаси муҳаррири Қўчқор Норқобил, Бердақ номидаги давлат мусиқали театри актрисаси Сулувхон Ғаниевалар мамлакатимизнинг босиб ўтган 25 йиллик тарихи, амалга оширилган улуғвор юксалишлар ҳақида гапирдилар. Таниқли эстрада хонандалари Равшан Матниёзов, Махсуд Саидов, Шерзод Машариповлар ижро этган қўшиқлар ўқувчилар қалбига она Ватан, тинчлик қадр-қимматини янада теранроқ жойлади.

"Дўрман” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ва "Чойкўл” маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилган тадбирларда ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актрисаси Вазира Юнусова, Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Сафаргул Давлетова, шоир, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Абилқосим Ўтепбергенов, эстрада хонандаси Улуғбек Собиров ва "Ниҳол” мукофоти совриндори Аминзода Жуманиёзовлар иштирок этдилар.
Коллежнинг ўқитувчилар ва ўқувчилари жамоалари томонидан илиқ кутиб олинган меҳмонлар дастлаб коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган тикувчилик ва тўқув маҳсулотлари, ўқувчиларнинг таълим ва спорт соҳаларидаги ютуқларини изоҳловчи диплом ва фахрий ёрлиқ каби мукофотлардан ташкил топган кўргазмани томоша қилдилар.
Тарғибот гуруҳи аъзолари "Чойкўл” маданият ва аҳоли дам олиш марказида ёшлар билан ўтказилган мулоқотда тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиб яшаш лозимлигини, чуқур билим олиш, маънавиятли инсон бўлиб шаклланиш Ўзбекистон ёшларининг асосий мақсади бўлиши лозимлигини қайта ва қайта таъкидладилар ҳамда ўз ижод намуналарини ўқувчи-ёшлар эътиборига ҳавола этдилар.
Хитой овули марказидаги
Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунарколлежининг мажлислар ва тантаналар саройида бўлиб ўтган тадбирда коллеж
ўқувчи-ёшлари мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов раҳнамолигида
таълим тизимида олиб борилган изчил ислоҳотлар туфайли ўқувчи-ёшлар учун
яратилган шароитлар ҳақида тўлқинланиб сўзладилар. Бундан йигирма беш йил
аввалги ота-оналари, устозлари орзу қилган имкониятлардан бугун эмин-эркин
баҳраманд бўлаётганларини ўзлари эришаётган ютуқлар, келгуси режалари, орзулари
мисолида қувонч билан таъкидладилар.

Тадбир меҳмонлари ёшларга ўзларининг болалик даврлари қанчалик машаққатли кечгани, мустақиллик туфайли мамлакатимизда адабиёт, санъат соҳасида жуда катта ижобий ўзгаришлар юз бергани ҳақида гапириб бердилар. Шу билан бирга ёшларнинг талабларига кўра, опералардан ариялар, куй ва қўшиқлар ижро этдилар. Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмедов ўз она Ватани қадрига етмай, бахт излаб ёт элларда яшаётган, мол-дунёга етишса-да, кўнгли Ватанига талпиниб турган беватан инсоннинг кўнгил кечинмалари ҳақидаги шеърини ўқиб берди.
Барчанинг қалбига кўтаринки маънавий руҳ бағишлаган тадбир 21 октябрь - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида тил байрами шодиёналарига уланиб кетди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Анвар Ғаниев, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёри Дилмурод Узоқов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гулнора Нурлапесова, Ўзбекистон халқ артисти Гулхатича Айимбетова, Қорақалпоқ қўғирчоқ театри бош режиссёри Мурод Бегимов ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқа театри актрисаси Миргул Мамбетмуратовалар Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ҳамда 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлишиб, ёшлар билан очиқ мулоқот уюштиришди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтаришди.

Тарғибот тадбирлари доирасида таълим муассасаларида юртимизда истиқлолгача бўлган давр ҳамда мустақиллик йилларида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самараларини акс эттирувчи "Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” номли фотокўргазма, истиқлол йилларида халқимиз эришган улкан ютуқ ва марралар, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган нотинчликлар, террористик оқимлар, улар ортида турган ёвуз кучлар ва уларнинг ғаразли мақсадларини фош этувчи "Марра бизники!” номли видеоролик намойиш этилди.
Тадбирлар ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, навқирон авлод онги ва қалбини турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда мустаҳкам ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ойгул РАЖАБОВА,
Робия ЙЎЛДОШЕВА,
Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶