ЯХШИ ЎҚИБ, ОРЗУИМГА ЭРИШДИМ
Мамлакатимизда биз ёшлар учун яратиб берилаётган имконият ва шароитларнинг чеки-чегараси йўқ. Айниқса, ўқиб, билим оламан, деган тенгдошларимиз бемалол ўзлари қизиққан соҳаларнинг билимдонлари бўлиши, ўз иқтидорларини намоён этишлари мумкин. Шундай бўлса-да, баъзи ўз келажагига лоқайд тенгқурларим олий ўқув юртига ўқишга кира олмасалар, камчиликни ўзидан эмас, аксинча, бошқа томонлардан қидиришади. Бири: "тест синовларида адолат бўлмади”, - деса, яна бири: "умуман биз ўқимаган, нотаниш манбалардан саволлар тушди”, - деб баҳона қилишади. Аслида эса бундайларнинг ўзлари ўз келажагига лоқайд, билими суст.
Мен туманимизнинг чекка ҳудуди – "Тўлқин” овулида туғилиб, ўсдим. Ўрта мактабни тугатгач, Амударё академик лицейида, аниқ фанлар йўналиши бўйича таҳсил олдим. Лицейда олган билимим билан қаноатланмай, ўз устимда тинмай ишладим, ўқиб-изландим. Академик лицейни муваффақиятли тугатгач, Тошкент ахборот технологиялари Университетининг Нукус филиалига, компьютер муҳандислиги факультетига ҳужжатларимни топширдим. 1 август куни, қувонч билан айтаман, мен Университетнинг шинам аудиториясида ўз билимимни давлат тест синовларидан ўтказарканман, ўша дақиқалардаёқ ўзимни бахтиёр талабалар сафида юргандек ҳис этдим. Чунки мен тест саволларининг салкам 90 фоизини тўғри ечганимга ўша онлардаёқ ишондим.
Тест натижалари эълон қилинганида эса мендан бахтли инсон йўқдек эди дунёда! Мен мамлакатимиздаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бирига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Албатта, бу қувончимни ўзим таҳсил олган жонажон академик лицейимдаги азиз устозларим билан баҳам кўргим келди. Устозим, 302-гуруҳ раҳбари Мансур ака Еримбетовдан янада қувончли хабар эшитдим. Чунки мен таҳсил олган Мансур ака Еримбетов раҳбарлигидаги аниқ фанлар йўналишидаги 302-гуруҳимиз ўқувчиларидан 23 нафар, Жаҳонгир ака Нуримбетов раҳбарлигидаги 301-гуруҳдан 25 нафар ҳамкурс дўстларимизга, лицейимиз бўйича эса 87 нафар ўқувчига талабалик бахти насиб этган эди. Уларнинг деярли ярми давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинганлари янада қувончли.
Демак, мамлакатимизда билимдон, зукко, қобилиятли ёшлар учун барча имкон эшиклари очиқ. Тест синовлари эса адолат ва ҳақиқат тамойиллари асосида ўтказилади. Мен барча тенгдошларимни эришган ютуқлари ва мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан табриклайман, уларнинг мустақил давлатимизга содиқ, баркамол инсонлар бўлиб етишишдек эзгу орзуларига омад тилайман.
Санжар Одилов,
Тошкент ахборот технологиялари Университетининг Нукус филиали 1-босқич талабаси.
(Фото - https://tuit.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶