СПОРТ МАКТАБИМИЗДА УМИДЛИ СПОРТЧИЛАР КАМОЛГА ЕТМОКДА
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам спортнинг айниқса, болалар спортининг оммалашувига эришилмоқда. Буни бугунги кунда Болалар-ўсмирлар спорт мактабида 1612 нафар ўқувчи-ёшлар спортнинг 16 тури билан мунтазам шуғулланаётганида ҳам кўришимиз мумкин.
Ўқувчиларнинг ёзги таътилидаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ёз фаслида ҳам турли мусобақалар ўтказилиб, ёшларнинг спорт турларига қизиқишини оширишга эришилмоқда. Натижада тарбияланувчилар орасида мусобақаларнинг туман, Қорақалпоғистон Республикаси босқичлари ғолиблари сафи тобора кўпаймоқда. Хусусан, яқинда Нукус шаҳрида бўлиб ўтган спортнинг каратэ-до тури бўйича мусобақада БЎСМ тарбияланувчиларидан Азамат Қурбонбоев мутлоқ вазнда биринчи, Дилшод Ёвмутбоев 30 кг. вазнда иккинчи, Жавоҳир Баҳромов 25 кг. вазнда учинчи, Қундузой Жамилова 40 кг. вазнда учинчи ўринларни енгиб олдилар. Эришилган натижалар мураббий Ильдар Эримметов ўз шогирдлари билан мунтазам ва қунт билан шуғулланганини кўрсатади.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси VI "Телетурнир - 2016” мусобақасининг кураш тури туманимиздаги БЎСМда ўтказилганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки бизнинг туманимизда миллий спорт тури – кураш бўйича кўпгина нуфузли мусобақаларда қатнашиб, ютуққа эришаётган ёш полвонлар кўп.
Республикамизнинг барча туманларидан ва Нукус шаҳридан умидли ёш полвонлар иштирок этган мазкур мусобақага Қорақалпоғистон Республикаси кураш федерацияси вицепрезиденти Серик Жусипбеков, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими ижрочи директори Сансизбой Сафарниёзовлар қатнашиб, ўсмир-ёшларнинг беллашувини қизиқиб томоша қилдилар.
Шунингдек, "Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида БЎСМ ўқувчи-ёшларидан Хурсанд Жўллибоев биринчи, Сапура Бобожонова эса иккинчи ўринларни енгиб олдилар.
Хурсанд Жўллибоев 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси "Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши биринчилигида ҳам биринчи ўринни эгаллаб, чемпион бўлиб қайтди. Яна бир тарбияланувчимиз Карамаддин Ўрозбоев эса мазкур мусобақада иккинчи ўринни забт этди.
Шу йилнинг 29-30 июль кунлари спортнинг каратэ-до тури бўйича Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Болалар-ўсмирлар спорт мактаби очиқ биринчилигида Қувончбек Сафарбоев иккинчи, Улуғбек Отажонов учинчи, Нурсултон Ердошев учинчи ўринларни енгиб олишди.
Шунингдек, 29-30 июль кунларида ўтказилган Нукус шаҳри 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби очиқ биринчилигида бизнинг тарбияланувчиларимиздан ўз вазн тоифаларида Алибек Ражаббоев биринчи, Темур Шомуродов биринчи, Отажон Комилов иккинчи, Фахриддин Хидирбоев иккинчи, Лочин Қурбонбоев учинчи, Жавоҳир Ражабов учинчи, Одилбек Бозорбоев учинчи, Самир Назирбоев учинчи ўринларни эгалладилар.
Спорт мактаб тарбияланувчиларининг ўзлари шуғулланаётган спорт турига қизиқишларини ошириш мақсадида турли тадбирлар – спорт усталари, фахрийлари билан учрашувлар, "Очиқ дарслар” ўтказиб турамиз. Мураббийлар билан тарбияланувчилар орасида дўстона муносабат ўрнатилганлиги машғулотлар янада самарали бўлишига хизмат қилаётир. Мақсадимиз эса – болаларни спорт мактабимизга кўпроқ жалб қилиш, туманимиз спорт шарафини юқори кўтарувчи спортчиларни камолга етказишдир.
Чоршам ТАЖИМУРОДОВ,
БЎСМ директори, халқаро тоифадаги ҳакам.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶