12.11.2026
Тил Öz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
12.11.2026, 21:39
Адабиёт 👁 3,013

КУНЛАРДАН БИР КУН МАҲАЛЛАДА...

КУНЛАРДАН БИР КУН МАҲАЛЛАДА...

Сафаргул энанинг катта ўғли Анваржон янги ҳовли-жой қуриб, рўзғорини бўлаклади. Маҳалла-кўйга дастурхон ёзиб, янги иморатга кўчиб ўтди. Анваржон ҳовли қурган янги кўчага эндигина беш-олти оила кўчиб келгани учун томорқага оқар сув олиб келишда анча қийналишди. Яхшиямки энди пойдевор кўтараётган бир-икки қўшнилари жуда самимий, тушунадиган одамлар экан, биргалашиб маҳаллани кесиб ўтган катта ёпдан ёнбош ариқ қазиб, сув чиқаришди. Қўшниларидан бири Саъдулла исмли йигит ҳеч кимга қўшилмади.

- Сизлар қазийверинглар, мен ҳовлимга артезиан қудуқ қурдирганман, - деди назар-писанд қилмай.

- Саъдуллабой, - деди янги қўшнилар ичида кексароқ Турсунбой ака, - бари-бир томорқага оқар сув яхши. Қудуқнинг суви совуқ бўлади, деҳқончиликка унчалик тўғри келавермайди.

- Ақлингни майдалаб сигир-бузоғингга бер, ака, - "чирт” этиб ерга тупурди Саъдулла. – Керак бўлса, ўнта ариқ ковламайсанми, менга ариғинг керак эмас!

У шундай деб машинасига ўтириб, жўнаб қолди.

Кўчага ариқ қазилгач, янги кўчиб келган оилаларнинг барчаси томорқаларини экишга тайёрлай бошлашди. Саъдулла эса ҳар куни артезиан қудуққа электр насос улаб, томорқасини суғоришга чоғланади. Ўн-ўн беш дақиқа сув чиқаради-ю, электр насос "пақ”, этганча ўчиб қолади. Насосни токдан ажратиб, у ер-бу ерини кўргач, яна улайди. Салдан кейин яна ўчади. Жиғибийрони чиққан Саъдулла гоҳ олдидаги тилсиз темирни, гоҳ хотини, бола-чақасини сўкади. Экиш мавсуми эса ўтиб бораётир.

- Куйиб-пишавермай, қўйинг шу матоҳингизни, - азбаройи ачинганидан қўшнисиникига чиқди Анваржон. - Ана, эшигингиз олдида ариқ тўла сув, қулоқни очсангиз, беминнат оқаверади.

Анварнинг самимият билан айтган бу гапи Саъдуллага ҳақоратдай туюлди.

- Нима, устимдан кулаяпсанми? – Қўлларини белига қўйиб, Анвар томон ҳезланди у. – Мен сендан сув сўрадимми? Эшигим олдидан шу ариғингни олиб кет, нима, мақтанаяпсанми ариқ қазиганинг учун!

Анваржон ҳанг-манг бўлиб қолди. Шовқинни эшитиб, уйига меҳмонга келган онаси Сафаргул эна ҳам кўчага чиқди.

- Ҳай, болам, - деди у Саъдуллага юзланиб. – Ер, сув – Аллоҳнинг инояти. Биз эса унинг суюкли бандаларимиз. Яхшилик иши миннат учун қилинмайди. Ариқ қазиш ҳам энг яхши амаллардан бири. Қолаверса, бу ариқ уни қазиган одамларники эмас, элники, маҳалланики. Хоҳлаган одам унинг сувини ичсин.

Можаро устига келиб қолган янги қўшнилар бир Сафаргул энага, бир ўжар ва манман Саъдуллага қараганча жим туришарди.

- Норгулой, қани белкурагингни олиб келчи, - буюрди Сафаргул эна Саъдулланинг аёлига.

Қўшнилар олдида эрининг манманлигидан бир сиқим бўлиб турган Норгулой тезда белкурак келтириб, энага тутқазди.

- Ўғлим, - деди Сафаргул эна ариқдан Саъдулланинг томорқасига қулоқ очаркан, - мен онанг-дай бир одамман. Аслида сени ўша ариқ қазилган кундаёқ яхшилаб савалашим керак эди. Бу феълинг билан ўғлим, одамларга эл бўлишинг жуда қийин. Манманлик, кибр-ҳаво – шайтоннинг иши. Шайтоннинг ишини қилмоқ эса гуноҳ.

Онаси тенги нуроний аёлнинг гапларига бирон нарса дейишдан ожиз қолган Саъдулла ер чизиб қолди. Сафаргул эна очган қулоқдан шариллаб оққан сув бир зумда Саъдулланинг томорқасига ёйилди.

Шу воқеадан сўнг Саъдулла ўзгарди. Босиқ ва мулойим бўлиб қолди. Сафаргул эна ўғлиникига кейинги гал келганида Анваржон уни яхши хабар билан кутиб олди:

- Саъдулла биз қазиган ариқнинг бош соқасига бетон қуйиб, шандор ўрнатиб берди, - деди у қувониб. – Энди қулоқни очиб-ёпишда қийналмайдиган бўлдик.

Сафаргул эна майин кулиб қўйди.

 

Қўшнининг тутуни

Саломат чеча янги тандир сотиб олди. Тандир учун жой ҳозирлаб, тезроқ қуриб олишни мўлжаллаб, ишни бошлаб юборди. Қишлоқ эмасми, томорқа ери анчагина кенг эди. Тандирни ўрнатиш учун танлаган жойи ҳам боғ-роғга, молхона-ю дов-дарахтга зарар келтирмайдиган ерда.

Ўғли Сардоржон жўралари билан бир пасда сомонли лойни қориб беришди. Ён қўшниси Исмоил жуда одамохун, меҳнаткаш йигит-да, "чеча”- "чеча”, - деб одамнинг жони бўлади-я, ўзиям. Саломат чечанинг эри Дуйшан оға билан иккаласи тандирни ўрнатиб, сомон сувоқ уришди-да, ичига пастгина олов ёқишди. Тандир аста-секин қизиган сари Исмоил билан Дуйшан оға галма-галдан тандир сиртига сомон сувоқ уриб туришди.

- Ана энди бўлди, - деди Дуйшан оға қўлининг лойини юваркан, - фақат эринмай, яхшилаб қиздириш керак.

Исмоилнинг аёли Замира, яна икки-уч қўшни аёллар "ўнг бўлсин, тўйларда нон ёпинг, чеча”, деб навбатма-навбат тандирга ўтин ташлаб туришди. Тандирга яқин жойдаги оқтол остига шолча тўшаб дастурхон ёзган Саломат чечанинг кенжа келини қўшниларини чойга таклиф этди. Бири сўзлаб, бири кулиб, ҳазил-ҳузул билан тандир қиздираётган қўшнилардан бири:

- Чеча, энди бу тандирни қиздириб, ёғли патир билан гўмма ёпиб, тандир зиёфат қилмасдан кетмаймиз, - деди кулиб.

- Худо хоҳласа, бари бўлади! - Қувонч билан деди қўшниларидан миннатдор Саломат чеча.

Кун бўйи тиниқ бўлган об-ҳаво кечқурун бироз ўзгарди, шамол эса бошлади. Бир-икки томчи ёмғир ҳам тушди. Салдан кейин ёмғир тезлашиб, бир-икки дақиқа шаррос қуйиб берди. Тандирдаги ўт ўчмаслиги учун Дуйшан оға ёрдамида аёллар каттароқ тўнкани қалаб юборишди. Ёмғир таъсириданми, бироз муддат тўнка тутаб турди. Шу пайт кутилмаган воқеа содир бўлди.

- Дуйшан! – Кўча томондан ҳовлига кириб келаётган ён қўшниси Мурод тажанг овозининг борича бақирди.

Тандир бошидаги қўшни аёллар азбаройи қўрқиб кетишганидан ёқаларига "туф”лаб қўйишди.

- Дуйшан! – ҳамон овозини пасайтирмай, бақирганича Дуйшан оға томон юрди Мурод тажанг. – Ё тутунингни йўқот, ё тандирингни! Нима, мен сенинг тутунингни ютадиган заводингманми?

Дуйшан оға индамай турар, унга сари Мурод тажанг жазавага тушиб бақирарди. У кўп гапирди, сўкинди, ҳатто тандир яқинига келиб тепинди. Дуйшан оға ҳам, Саломат чеча ҳам лом-лим дейишмади-ю, янги тандирни тепгани учун Исмоил чидай олмади.

- Мурод оға, инсофингиз борми, ахир бу тандир-ку, тандир Аллоҳ таолонинг оловхонаси-я, тавба денг, - деди Мурод тажангнинг қўлларидан тутаркан.

У Исмоилни силтиб юборди:

- Қўй-е, - деди ғазаб билан, - менга сафсата сўқма, ҳамманг бир бўлишиб, мени кунлаяпсизлар, бойлигимни кўролмаяпсизлар. Уйимни эса тутунга тўлдирдинглар!

У депсинганича чиқиб кетди. Мўъжиза юз бердими, ё бекордан-бекорга дили оғриган инсонларни Аллоҳ ёрлақадими, бироз ўтиб шамол ўз йўналишини ўзгартирди. Саломат чеча қўшни аёллар билан то тонггача тўхтатмасдан ўт ёқиб, янги тандирни яхшилаб қизитишди. Бир-икки соат тандирни совутиб қўйишди. Келинлари тайёрлаб қўйган ёғли патир, гўштли гўммалар ёпилгач, барчаси, оқ тол тагида янги тандирнинг тилакларини қилишиб, анчагача чақ-чақлашиб ўтиришди. Фақат ён қўшниси Мурод тажанг ва унинг аёли Меҳрибонгина чиқишмади.

Шу воқеадан сўнг ҳар гал Саломат чечанинг келинлари хамир қилишганида чеча ўтириб илтижо қилади:

- Худойим, бугун шамол Муродларнинг уйи томонга эсмасин-да!

Орадан бир йилча вақт ўтди. Бу орада Мурод тажанг бир неча марта Дуйшан оғага "тандирингни йўқот ёки тутунингни ол!”,- деб дўқ уравериб безор қилди. Охири Дуйшан оға тандир учун газ тармоғига алоҳида ҳисоблагич қўйдириб, табиий газ билан қизитиладиган қилиб берди. Энди тандир масаласини ҳал қилдим, тинчидим, деганида Мурод тажанг:

- Уйим тандирингдан чиққан газ исига тўлиб кетди, сен ўзи менга душмансан, - дейдиган бўлди.

Безор бўлган Дуйшан оға келинларига тандирга нон ёпишни ман қилди.

- Ҳув, маҳалла гузаридаги нонвой хотинга ёптирақолинглар, - деди охири.

Мана уч ойдирки, Саломат чечанинг келинлари ошган хамирни кўтариб, маҳалла гузарига бориб, нонвойга нон ёптиришади.

Шундай кунларнинг бирида Мурод тажангнинг келини додлаганича Дуйшан оғаникига кирди.

- Ёрдам беринг, молхона ёнаётир!

Қўни-қўшни, аёл-у эркак – ҳамма Мурод тажангникига чопишди. Оғилхона яқинида ёқилган ахлат уюмидан чиққан учқун туфайли устига хашаки ўт босилган чердакка ўт кетганди. Ким челакда, ким тос лаганда сув ташиб турди. Дуйшан оға билан Исмоил тинмай оловга сепиб, ўтни ўчиришга интилишди. Аёллар чувиллашиб молхонадаги молларни бўшатиб, товуқхона эшигини очиб юборишди. То ўт ўчирувчи машина етиб келгунча олов ўрлаб Дуйшан оғанинг қўрасига, ундан Исмоилникига ўтди. Мол-ҳолларини бўшатиб юбориб, оловга тинмай сув сепиб юрган Дуйшан оғани ҳам, Исмоилни ҳам одам таниб бўлмасди. Иккаласининг ҳам юзи тутундан қорайиб кетган, фақат тишлари кўринарди. Олов ўчирилгач, Дуйшан оға оёқ-қўлларида чидаб бўлмас оғриқ сезди. Унинг қошлари, соч-соқоли, юзи ҳам анчагина куйган, оёғи ва қўллари шилиниб кетганди. Боз устига бозорда, тижоратда бўлган Мурод тажанг ёнғин чиққанини эшитибоқ етиб келиши билан Дуйшан оғани сўка бошлади.

- Айтмадимми, сенинг тандиринг мени хонавайрон қилади, деб. Сенинг умуман дўстлигинг йўқ...

У яна нималар деди, қандай ҳақорат сўзларни айтди, Дуйшан оға унинг гапларини эшитмади. Боши ғувиллаганича ерга гурсиллаб йиқилди. Тинмай олов билан олишган Дуйшан оға ва Исмоилни шифохонага олиб кетишди. Аёл, бола-чақасини, уларга қўшиб Дуйшан оғани бўралаб сўкаётган Мурод тажангга ҳеч ким "қўй, олов аслида сенинг ҳовлингдан чиқди”, - демади-ю, кўпни кўрган кекса Ўрозмат бобо ҳассасини Мурод тажангга ўқталиб, унинг юзига тупурди:

- Одам эмассан!, - деди-ю бу ерни тарк этди.

Бир хафтадан сўнг Дуйшан оға билан Исмоил шифохонадан соғайиб, уйларига қайтишди. Кетма-кет омонликка жонлиқ сўйишиб, худойи садақа беришди. Икки қўшни ҳовли ўртасидаги уч ойдан бери олов кўрмай, зах торта бошлаган Саломат чечанинг тандирига яна олов ёқиб, бўрсилдоқ нонлар, патирлар ёпишди. Моли-жонлари омон қолгани учун шукроналар қилишди. Худойи садақага бутун қишлоқ аҳли келди. Фақат бир киши - Мурод тажанггина кўринмади, афтидан келишга, қишлоқдошларига, қўшниларига кўринишга юзи чидамади.

Худойи садақа тарқагач, нуроний Ўрозмат бобо:

- Дуйшан, Исмоил иним, - деди босиқлик билан. – Одамзот бешикдан қабргача илм ва ақл ўрганади. Бировнинг ақли эрта, бировники кеч киради. Қани, туринглар, Муродбойни жудаям четлатиб қўймайлик, уйига кирамиз.

Бир товоқ палов устига гўшт, патир босиб Мурод тажангникига киришди.

- Келинглар, - деди у бошини ердан кўтараолмай. Бошқа гап гапирмади.

- Келдик, ўғлим. Омонликда гап кўп, яхшиликда – фазилат бисёр. Биз шу йўлдан келдик, болам...

Ўрозмат ота: "сен ундай қилгандинг, биз бундай”,- демади. Мурод тажангнинг қилиқларини юзига солиб, изза қилмади, урушмади, сўкмади. Лекин шу куни Мурод тажангнинг елкалари  силкиниб-силкиниб йиғлади, сўзсиз, ҳамқишлоқлари кўзига тик боқолмай, кўп йиғлади. Ва енгил тортгандай бўлди. У ўзини, инсоний туйғуларини англаган, ич-ичидан отилиб чиқаётган кўз ёшми, афсусми, пушаймонми, нималигини ўзи ҳам билмайдиган ўксик йиғидан тамоман бошқа бир одамни – ўзини топгандай эди.

Ўрозмат бобо, Дуйшан оға, Исмоил кетди. Уларнинг ортидан умрида биринчи марта Мурод қалбида илиқ ва  самимий меҳр билан қараб қолди.

 

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди ▶ Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди 12.11.2026 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди 11.11.2026 Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ▶ Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда 10.11.2026 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди ▶ 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди 10.11.2026 Аҳоли саломатлиги — олий қадрият ▶ Аҳоли саломатлиги — олий қадрият 09.11.2026 Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди ▶ Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди 09.11.2026 Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди ▶ Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди 09.11.2026 Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир ▶ Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир 06.11.2026 АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА ▶ АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 06.11.2026 Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди ▶ Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди 05.11.2026 Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди ▶ Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди 05.11.2026 Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ▶ Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди 05.11.2026 Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади ▶ Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади 04.11.2026 Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди ▶ Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди 04.11.2026 Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди ▶ Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди 04.11.2026 Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади ▶ Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади 03.11.2026 Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ▶ Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди 02.11.2026 ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ ▶ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ 02.11.2026 Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди ▶ Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди 31.10.2026 Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда ▶ Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда 31.10.2026 Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди ▶ Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди 31.10.2026 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди ▶ 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди 30.10.2026 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди ▶ 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди 26.10.2026 «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди ▶ «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди 20.10.2026 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда ▶ 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда 20.10.2026 Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди ▶ Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди 19.10.2026 Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди ▶ Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди 16.10.2026 Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда ▶ Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда 13.10.2026 Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди ▶ Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди 13.10.2026 Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди ▶ Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди 12.10.2026