Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда
Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратишда узлуксиз электр энергияси таъминотининг ўрни беқиёсдир. 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори ижроси доирасида бугунги кунда жойларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ушбу ҳужжат асосида “Оғир маҳалла” тоифасига киритилган Амударё туманидаги Қорамон маҳалласи ҳудудида ҳам саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш учун зарур бўлган замонавий электр инфратузилмасини шакллантириш ишлари қизғин паллага кирган. Мазкур жараёнлар нафақат аҳоли хонадонларини электр энергияси билан таъминлаш, балки янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасида маҳалланинг Кекса отахонлар ва Умидли кўчаларига 2 та янги трансформатор пункти ўрнатилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудда жами 17 километр узунликдаги янги электр тармоғини тортиш ишлари режалаштирилган бўлиб, бу электр узатиш тизимидаги йўқотишларнинг олдини олишга ва кучланишнинг доимий меъёрида бўлишига замин яратади. Бундан ташқари, Буюк авлод ва Мажнунтол кўчаларида ҳам қўшимча равишда 4 та трансформатор пункти ўрнатилиши белгиланган.
Лойиҳанинг амалий босқичида бугунги кунга қадар сезиларли натижаларга эришилди. Жумладан, қурувчи ва мутахассислар томонидан шу вақтгача 222 та мустаҳкам темир-бетон таянч ўрнатиб бўлинди. Айни пайтда эса яна 68 та шундай таянчни ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда ва хавфсиз СИП кабелларини тортиш жараёнлари ҳам параллел равишда олиб бориляпти.
Мазкур йирик лойиҳа ва кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг Амударё туман филиали мутахассислари томонидан сифатли даражада амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган бундай эзгу ва тизимли ишлар яқин келажакда Қорамон маҳалласининг иқтисодий салоҳиятини оширишга, саноат объектларининг узлуксиз ишлашига, энг муҳими эса, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб, уларнинг даромадлари кўпайишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶