УЙШИНЛИК ТАДБИРКОР МАҲАЛЛАСИДА ТИББИЙ ПУНКТ ҚУРИЛИШИГА ҲОМИЙЛИК ҚИЛАДИГАН БЎЛДИ
Халқимизнинг ўз ҳаётидан рози яшашини таъминлаш, айниқса, уларга тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, энг чекка ҳудудлардаги аҳолини ҳам замонавий тиббий хизмат билан қамраб олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шу баробарида Амударё туманида ҳам янги-янги тиббиёт муассасалари қад ростлаб, аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжи қондирилиши учун зарур шароитлар яратиб берилаётгани қувонарли ҳолат.
Уйшин маҳалласи Амударё туманининг қардош Туркманистон Республикаси билан чегарадош, олис ва энг чекка ҳудудида жойлашган. Маҳалла аҳолисига Қипчоқ шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1-сонли оилавий поликлиникаси томонидан бирламчи тиббий хизмат кўрсатилади. Маҳалла билан оилавий поликлиника орасидаги масофа 8-9 чақирим бўлиб, аҳоли мунтазам равишда автотранспорт қатновидаги муаммолар туфайли тиббий хизматдан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келиб келаётган эди. Чунки қишнинг қор-ёмғирли, изғиринли кунларида, ёзнинг жазирама иссиғида транспорт воситасини кутиш ёки яёв йўл босиб, поликлиникага қатнаш аҳоли, айниқса кексаларга қийинчилик туғдирарди.
Мавжуд қийинчиликни бартараф этиш, аҳолининг ҳеч қандай тўсиқларсиз тиббий хизматдан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғликни сақлаш Вазирлигига Уйшин маҳалласи ҳудудида маҳалла тиббий пунктини ташкил этиш орқали аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича таклиф билдирилган ва ушбу таклиф инобатга олиниб, уйшинликлар учун маҳалла тиббий пункти биноси қурилиши режалаштирилган эди.
Яқинда мана шу бинонинг тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишлари бошланиши муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов, Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Фахриддин Абдуллаев, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Халқимизга хос бўлган саховатпешалик, элпарварлик хислатлари ҳамиша қадрланади. Қолаверса, ҳақиқий саховатпеша инсон ўз эли, Ватани учун қилаётган хайрли ишларини ҳеч қачон кўз-кўзламайди, мақтанмайди. Яқинда исм-шарифини ошкор этишни истамаган уйшинлик саховатпеша, элпарвар тадбиркор маҳалла аҳлига қулайлик яратиш мақсадида маҳалла тиббий пункти биноси қурилишига ҳомийлик қилиш истагини билдирди.
Мазкур бино қурилиши якунлангач, уйшинликлар бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш учун Қипчоқ шаҳарчаси марказида жойлашган, 8-9 чақирим масофа олисдаги оилавий поликлиникага қатнамайдиган бўлишади ва Уйшин маҳалласининг ўзида намунали бирламчи тиббий хизматлардан фойдалана бошлайдилар.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶