АМУДАРЁ ТУМАНИДАГИ 80-СОНЛИ МАКТАБДА "ВАТАН ТАЯНЧИ" ОТРЯДИ ТУЗИЛИБ, ОТРЯД АЪЗОЛАРИГА КЎКРАК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, уларни турли мафкуравий хуружлар таъсирига тушиб қолишларидан асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли бугунги давр ёшлари ўзлари танлаган йўналишлари бўйича самарали натижаларга эришмоқдалар. Чунки ёшларга эътибор – миллат келажагига эътибор, эл-юрт осойишталиги ва фаровонлиги йўлидаги мустаҳкам заминдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳиятида ҳам ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласи энг долзарб ва устувор вазифа сифатида белгиланган.
Президентимизнинг ушбу Қарориги асосан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги ҳузурида “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати фаолиятининг йўлга қўйилгани натижасида умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари ўртасида она Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ва масъулиятли касбни танлашга бўлган интилишлар янада ортди. Ватан тақдирини ўз тақдири деб билиш, эл-юрт, маҳалласи ва ўз оиласи ободлиги ва фаровонлигига дахлдорлик ҳисси билан яшаш туйғуси мазкур ҳаракат аъзоларининг эзгу орзусига айланди.
Бу борада Ёшлар ишлари агентлигининг Амударё туман бўлими, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Ушбу ташкилотларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли тумандаги умумтаълим мактабларининг юқори синф кўнгилли ўқувчиларидан иборат “Ватан таянчи” отрядлари ташкил этилиб, бу отрядларнинг аъзоларига “Ватан таянчи” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилмоқда.
Яқинда тумандаги 80-сонли умумтаълим мактабида ҳам “Ватан таянчи” отрядини ташкил этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Амударё тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор Ш.Маматов, Мудофаа ишлари бўлими бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари З. Саъдуллаев, 80-сонли умумтаълим мактаби директори Н.Сийтбоев, мазкур мактабнинг чақириққача бошланғич таълим раҳбари И.Ердошев ҳамда тумандаги умумтаълим мактабларининг чақириққача бошланғич тайёргарлик раҳбарлари, 80-сонли мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Амударё туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор Ш.Маматов ўқувчиларга “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатининг вазифалари, ушбу ҳаракат аъзоларига бериладиган имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берди.
Ҳаракат аъзолари ватанпарвар, эл-юрт тақдирига дахлдор, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, жисмонан ва ақлан юксак салоҳиятли, мамлакатимиз қонунларини чин дилдан ҳурмат қиладиган, нафақат ўз оиласи, балки халқининг осойишталиги ва фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатишга қодир инсонлар бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, “Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари бўлиш истагини билдирган ўқувчи-ёшлар билан масъуллар ўртасида самимий мулоқот муҳити яратилиб, унда мактабнинг 10-синф ўқувчилари фаол иштирок этдилар ва 10-синфнинг кўнгилли ўқувчиларидан иборат “Ватан таянчи” отряди тузилиб, отряд аъзоларига махсус кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир якунида “Ватан таянчи” отряди аъзолари бўлган ёшлар устозлари ва масъулларга келгусида она Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси, миллий-маънавий қадриятларимизга ҳамда мамлакатимиз қонунларига қалбларида чуқур ҳурмат ва эҳтиром туйғулари билан яшашга аҳд қилганларини изҳор этдилар.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶