ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ ФАХРИЙЛАРИ ИШТИРОКИДА “УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Ер сайёрасида глобал иқлим ўзгаришлари авж олаётган, инсоният деярли ҳар куни турли экологик фалокатларга дуч келаётган бир даврда аҳолини юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Чунки соҳа ходимларининг огоҳлиги, юксак билим ва тактик маҳорати билангина ҳар қандай хавф-хатарнинг олди олинади.
Шу боис, соҳа ходимларининг билим ва маҳоратини тизимли равишда ошириб бориш билан бирга олинган билимларни амалиётда қўллаш, аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодга фавқулодда вазиятлар содир бўлганда қандай ҳаракатланиш ҳақида керакли маълумотлар бериш, мазкур соҳага қизиқувчи ёшлар билан маърифий суҳбатлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Амударё туман бўлими томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам аҳамиятга молик.
Яқинда Амударё туман маданият бўлими биносида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Фахрийлар Кенгаши раиси бошчилигида бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” тарзидаги маънавий-маърифий тадбир ҳам иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини янада оширишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг иш режасига асосан фавқулодда вазиятларда аҳолини ишончли муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни Фавқулодда вазиятлар соҳасига қизиқтириш мақсадида ташкил қилинган учрашувда Амударё туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари, мазкур бўлимда узоқ йиллар ишлаб нафақага чиққан истеъфодаги ходимлар Отамурод Ўрозалиев, Бахтиёр Қўшбоевлар ҳамда туманнинг турли маҳаллаларидан ташриф буюрган ушмаган ёшлар ва умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Фавақулодда вазиятлар бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Тоҳир Йўлдошев иштирокчиларга мамлакатимиздаги фавқулодда вазиятлар соҳаси бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрловчи ўрта махсус ва олий ўқув юртлари тўғрисида батафсил маълумотлар ҳамда фавқулодда вазиятлар ходимларининг зиммаларидаги бурч ва масъулиятлари хусусида кенг тушунчалар берди.
Учрашувда Фавқулодда вазиятлар соҳаси фахрийлари Отамурод Ўрозалиев ва Бахтиёр Қўшбоевлар ўз касбий фаолиятлари давомида содир бўлган воқеа-ҳодисалар, мураккаб вазиятларда амалга оширган ишлари ҳақида ёшларга қизиқарли ҳикоялар айтиб беришиб, халқимизни фавқулодда вазиятларда ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлиги, мол-мулки дахлсизлигини муҳофаза этиш соҳа вакилларининг бурчи эканлигини таъкидладилар ва ёшларни ушбу касб эгаси бўлишга даъват этдилар.
Ўз навбатида мазкур соҳага қизиқувчи ёшлар ҳам масъулларга саволлар билан мурожаат қилдилар. Ёшларни қизиқтирган саволларга масъуллар батафсил жавоблар бериш билан бирга, фавқулодда вазиятлар ходими бўлиш шунчаки оддий касб эмас, айниқса, ёш йигит-қизлар, ҳар бир инсон учун ниҳоятда шарафли эканлигини, фавқулодда вазиятлар ходими ўз касбий фаолиятини амалга ошириш орқали нафақат халқини, балки она Ватанини табиий ва техноген тусдаги офатлардан ҳимоя қилишини, бу орқали эл-юрт фаровонлиги, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққиётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишини таъкидладилар.
Самимий мулоқот ва қизиқарли савол-жавоблар билан ўтган “Уч авлод учрашуви” тадбири якунида бир гуруҳ ёшлар келгусида Фавқулодда вазиятлар Вазирлиги тизимида ўқиш истагини билдирдилар.
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶