Чойкўл овулида янги "Марварид" умумий овқатланиш шохобчаси иш бошлади
Ҳудудларда, айниқса қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис марказлари, шунингдек савдо шохобчалари сонининг кўпайиши фақат аҳлига қулайлик яратибгина қолмасдан, иқтисодий фаолликни оширади ва янги иш ўринлари яратилиши орқали аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Сабаби, инфраструктуралар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришда муҳим омил саналади. Хизмат кўрсатиш соҳасида янги иш ўринлари яратилиши эса ўз навбатида аҳолининг даромадлари ошишига ва уларнинг сифатли хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайишига олиб келади.
Яқинда Амударё туманининг Чойўл овулида “Хурсанд-Дилмурод” масъулияти чекланган жамиятининг “Марварид” умумий овқатланиш шохобчасининг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.
Марказнинг очилиш маросимида туман ҳокими Собир Хўжаметов, ҳоким ўринбосарлари, овул фуқаролар йиғини масъуллари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, сервис марказлари ва савдо шохобчалари қишлоқларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳамда ҳудудлараро тенгсизликни камайтиришга ҳисса қўшади. Шунинг учун бу каби лойиҳаларга инвестиция киритиш ва уларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатлар билан қишлоқ аҳолисининг замонавий юқори технологик ва бозор хизмат турларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бунинг асосида янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадлари оширилишини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Самимий тилаклардан кейин рамзий тасма кесилиб, меҳмонлар умумий овқатланиш шохобчаси билан яқиндан танишдилар. Шохобчада аҳолининг турли эҳтиёжларини қондириш, соғлом овқатланишни таъминлаш учун барча шароитлар мавжуд. Тайёрланадиган ва сотиладиган маҳсулотларнинг сифати ҳамда таркиби давлат томонидан белгиланган стандартларга мувофиқ бўлиши тадбиркор томонидан доимий равишда назорат қилиб борилади.
Бу ерда ҳудуд аҳолисининг тўй ва бошқа маросимларини ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу билан бирга, умумий овқатланиш шохобчаси маъмурияти аҳолининг турли ижтимоий қатламларига мос келадиган нархларда таомларни тайёрлаш ва тақдим этишни кўзда тутмоқда. Бу эса ҳар бир фуқаронинг соғлом овқатланиш имкониятларини кенгайтиради ва жамиятда соғлом овқатланиш маданиятини шакллантиришга ёрдам беради.
Ҳудудларда, айниқса қишлоқларда бу каби хизмат кўрсатиш ва сервис марказлари, савдо шохобчаларининг ташкил қилиниши давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун муҳим омил ҳисобланади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶