Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди
Ҳозирги замон ўзбек адабиётида ўзига хос ижод мактабини яратган, ўз асарлари билан қардош халқлар, айниқса туркий тилли давлатлар адабиёт шинавандалари эътиборига сазовор бўлган ижодкорлар талайгина. Улардан бири йигирманчи асрнинг иккинчи ярми ва йигирма биринчи аср бошида яшаб ижод этган оташнафас шоира Ҳалима Худойбердиевадир.
Ўтган асрнинг 70-йилларида бетакрор овози, жарангдор шеърияти билан адабиёт майдонига кириб келган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ўз ижодий фаолияти давомида давомида бири-биридан жўшқин шеърлари, достонлари билан ўзбек шеърияти осмонида мисли қуёшдай порлади. Унинг шеърлари кириб бормаган хонадон қолмади. Радио тўлқинлари орқали жаранг сочган шоира овози миллионлаб шеърият шинавандалари қалбини забт этди. Мамлакатимизда шоира ижоди, ўлмас меросини ўрганиш, асарларини қайта нашр этиш, ўқув муассасаларида жамоат ташкилотларида Ҳалима Худойбердиева хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш эса анъанага айланган.
Жорий йилнинг 7 июнь санасида Амударё туман Ахборот-кутубхона марказида ташкиллаштирилган "Шеъриятга ошно кўнгиллар" мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда ҳам ўзбек халқининг ардоқли шоираси хотирасига чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Тадбирда Ахборот-кутубхона маркази библиография бўлими ходимлари томонидан шоира ижодига бағишланган, "Нафосат куйчиси" деб номланган кўргазма ташкил этилди ва шоиранинг турли йилларда чоп қилинган китоблари, ижодий фаолиятини акс эттирувчи суратли лавҳалар, дунё ва қардош халқлар тилларига таржима қилинган асарлари ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар , монографиялар тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди. Тадбир давомида шоиранинг турли мавзулардаги шеърлари ўқилиб, янгидан чоп этилган китоблари шеърият шинавандалари ва мухлисларига тавсия этилди.
Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева хотирасига бағишланган бу каби тадбирлар Амударё туманининг маънавият ва маърифат масканлари бўлмиш кутубхоналарда, таълим-тарбия муассасалари ва жамоат ташкилотларида давом этмоқда.
Роҳатой Рамонова, Амударё тумани Ахборот кутубхона маркази Ахборот-библиография хизмати раҳбари

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶