5-СОНЛИ МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ 2-СОНЛИ КАСБ-ҲУНАР МАКТАБИГА САЁҲАТГА БОРИШДИ
Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодга пухта билим бериш, уларга фан асосларини янги педтехнологиялардан фойдаланган ҳолда пухта сингдириш ва юксак маънавиятли, гўзал хулқ-атворли қилиб вояга етказиш умумий ўрта таълим муассасалари зиммасидаги вазифадир.
Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг турли касб-ҳунарларга қизиқишларини эрта аниқлаш, таълим муассасалари битирувчиларини замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга йўналтириш ҳам жуда муҳим. Чунки ҳар йили республикадаги умумий ўрта таълим муассасаларини битираётган ўқувчиларнинг саноқлигинаси олий таълим муассасаларига ўқишга кирадилар. Қолганларининг асосий қисми ишсизлар сафига қўшиладилар. Шу боисдан мактаб юқори синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш, бирон касбни пухта эгаллашига эришиш ҳам умумий ўрта таълимнинг муҳим бўғинига айланмоқда.
Бу долзарб вазифага Амударё туманидаги умумий ўрта таълим муассасаларида ҳам улкан эътибор қаратилмоқда. Мактаб битирувчиларининг меҳнат бозорига бирон касбни пухта эгаллаб, маълум малакага эга бўлган ҳолда кириб келишига ҳаракат қилинаяпти.
Яқинда 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари амалиётчи психолог Одилбек Жумабоев раҳбарлигида тумандаги 2-сонли касб-ҳунар мактабига касбга йўналтириш, касб-ҳунарлар ҳақида етарли маълумотлар олиши учун саёҳатга бордилар.
Мазкур касб-ҳунар мактабида жорий ўқув йилида 472 нафар ўқувчиларга умумий фанлар бўйича ва 10та касб-ҳунарлар бўйича таълим берилаяпти. Ўқувчилар ҳар ўқув ҳафтасининг охирги кунида ўзлари ўрганаётган касб-ҳунарлар бўйича назарий машғулотларда олган билимларини амалий машғулотларда мустаҳкамлаб борадилар.
Муассасада ўқувчиларнинг дарс машғулотларини пухта ўзлаштиришлари, учун амалиёт машғулотлари учун барча шароитлар яратилган, фан тўгараклари, бадиий ҳаваскорлик ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият кўрсатмоқда ва ўқувчиларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтишига хизмат қилаётир.
2-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари Жасурбек Отажонов замонавий касб-ҳунарлар билан танишиш мақсадида ташриф буюрган ўқувчиларни илиқ қарши олди ва таълим муассасадаги шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёни ва амалий машғулотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўқувчилар ошпазлик, тикувчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, маиший техникаларни таъмирлаш, сантехника таъмири, пайвандлаш касбларига ўқиётган ўқувчиларнинг амалий машғулотлар ўтиши учун махсус амалиёт хоналаридаги жиҳозлар, асбоб-усуналар билан таништирилди. Мактаб спорт зали билан танишиш, бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзолари ижросидаги касб-ҳунарнинг инсон ҳаётидаги ролини ифода этувчи саҳна кўринишлар ўқувчиларда улкан таассуротлар қолдирди.
Ҳунарли – хор бўлмас, дейди халқимиз. Чиндан-да, бирон касбга қизиқиб уни пухта эгаллаган ва ҳалол меҳнат қилган инсон умрини шу касби туфайли мазмунли ва гўзал қилади. Ёшларни касб-ҳунарга қизиқтириш, уларнинг келажаги ёрқин бўлишига хизмат қилади. Шу маънода қарайдиган бўлсак, ўқувчиларнинг касб-ҳунар мактабига қилган саёҳати жуда аҳамиятли бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶