ХАЛҚИМИЗНИНГ ҲАЁТДАН РОЗИ ЯШАШИ ЙЎЛИДА ҲАМИША БУРЧЛИМИЗ
Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
Конституциянинг 2-моддаси.
Амударё туманининг 2-сектори ҳудудида 17та овул ва маҳалла, шаҳарча фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, унда яшовчи аҳоли сони 65 минг 364 кишини ташкил қилади. Ҳудуддаги 11 минг 992та хонадон таркибидаги 16 минг 798та оила доимий эътиборда.
Муҳтарам Президентимизнинг: “Ҳар бир раҳбар фақат хизмат хонасида ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб масалаларнинг амалий ечими билан шуғулланиши, халқ билан яқиндан мулоқот қилиб, унинг дард-у ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янгича қараш билан фаолият олиб бориши лозим”, деган кўрсатмалари бугун фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган.
Ишимизнинг яна бир устувор йўналиши сифатида ҳафтанинг ҳар жума кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси билан биргаликда жойларда сайёр қабуллар ўтказиш, аҳолининг шикоят ва мурожаатлари, таклифларини ўрганиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишга катта аҳамият берилиб, аниқланган муаммолар ўз вақтида, жойида бартараф қилинмоқда.
Хусусан, “Бандлик” дастурига мувофиқ жорий йилнинг 11 ойи давомида 2-сектор ҳудудида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 485 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди. 7 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилиниб, ярмаркага 38та корхона ва ташкилотлардан 203 бўш иш ўринлари таклиф қилинди ва ушбу жараёнда 73 нафар шахсга ишга йўлланма берилди, ишсизлик даражаси ва норасмий бандлар сонини камайтириш мақсадида 224 нафар аҳоли жамоат ишларига жалб қилинди.
Касбга ўқитиш йўналишида ўқув марказларида йил бошидан 42 нафар фуқаролар турли йўналишда таҳсил олиб, уларнинг бандлиги тўлиқ таъминланди.
Меҳнат муҳожирларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2023 йил бошидан яшаш жойига қайтиб келган 541 нафар меҳнат муҳожиридан 402 нафарининг турли хил соҳаларда бандлиги таъминланди.
Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан туманимиз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 25 млрд. 595 млн. сўм пул маблағлари ажратилиши белгиланган.
Ушбу кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Дўстлик маҳалласи ҳудудида қиймати 334,3 млн. сўмлик болалар умумий спорт майдончаси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Хизр эли маҳалла фуқаролар йиғини биносини янгидан қуриш ишларига 820,9 млн. сўм ҳамда Юқори қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини биносини янгидан қуриш ишларига 826 млн. сўм маблағ ажратилиб, янги бинолар қуриб берилди.
Бундан ташқари, сектор ҳудудидаги Арна бўйи, Беш овул, Бўз солма, Дўстлик маҳаллалари, Дўрман, Ўрта қалъа, Қиличбой овулларида жами 22,341 км. ички йўлларни таъмирлаш учун 4,5 млрд. сўм пул маблағи ажратилиб, ички кўчаларга шағал тўкиш ишлари амалга оширилди. Холимбег овули ҳудудидаги узунлиги 3,2 км. йўлга асфальт ётқизилди.
Бугунги кунда Қиличбой овули ҳудудидаги Чиғатой 1-, 2-, 3-, 4-, 5-кўчаларига тош-шағал ётқизиш ишлари ва янгидан бетон устун ва СИП кабель тортиш ишлари давом эттирилмоқда. Қорамон маҳалласи аҳолисининг мурожаатларига кўра, ҳудудга 25та бетон устунлар етказиб берилди.
Сектор ҳудудида яшовчи 38 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ҳамда ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлар рўйхатга олиниб, уларнинг барчаси диспансер кўригидан ўтказилди ва ижтимоий ходимлар томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган 92 нафар фуқаролар реабилитация-техник воситалари, кресло-аравачаси ҳамда протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Яна 92 нафар ногирон ва кексалар санаторий-курортларда бепул даволаниб, ўз саломатликларини тиклаб келдилар.
Сектор ҳудудидаги ҳар бир оила уйма-уй юриб, хатловдан ўтказилди ва хатлов натижасига кўра, 741та камбағал оилада 3483 нафар фуқаролар истиқомат қилиши ва уларнинг 1252 нафари меҳнатга лаёқатли ишсизлар эканлиги аниқланди. Уларни тадбиркорликка, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликка жалб қилиш орқали амалий ёрдамлар берилди.
Сектор ҳудудидаги Рита Сарибоева, Нилуфар Искандарова, Байрамгул Қиличева ва Амин Садановларнинг хонадонларига субсидия асосида қуёш панеллари ўрнатилиб, 6 нафар кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига 2тадан қўй олиб берилди. Натижада Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан “Темир дафтар”даги 16та оила эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди.
Бугунги кунда сектор ҳудудида 1167 нафар ёш «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлиб, улардан 789 нафарига турли хил ёрдамлар кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди.
“Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлардан 1576 нафарига турли хилдаги ёрдамлар кўрсатилди.
Маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизими асосида ҳоким ёрдамчилари томонидан 2023 йилнинг шу кунига қадар жами 142та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, сектор ҳудудидаги маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа дастурлар асосида 1 383 нафар фуқарога 27 млрд. 150 млн. сўм кредит маблағлари ажратилишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Мақсадимиз – халқимизнинг ўз ҳаётидан рози яшашини таъминлаш, муаммоларини ижобий ҳал этишга кўмаклашиш, турмуш тарзига фаровонлик олиб киришдан иборат.
Чунки, халқимиз ҳар бир кунини обод ва фаровон, гўзал турмуш шароитида ўтказишга ҳақлидир.
А.РЎЗМЕТОВ, туман прокурори, 2-сектор раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶