ХАЛҚҚА МАДАНИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ОШМОҚДА
Юртимизда маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида нишонланади.
Маданият, санъат соҳаси халқимиз маънавиятини юксалтириш, кўнгилли маданий дам олишини таъминлаш, ёш авлод онгида миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади. Асрлар оша яшаб келаётган халқ қўшиқлари, термалари, айтишувлари турли рақслари барчага руҳий қувват бағишлайди, аждодларимизнинг нақадар зукко, билимдон ва қобилиятли бўлганлигини далиллайди.
Халққа маданий хизмат кўрсатаётган туман Маданият ва туризм бўлими тасарруфида айни кунда 1 та туман Маданият маркази, 6 та ҳудудий маданият марказлари, “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Офарин” фольклор-этнографик халқ ансамбли, “Жайхун мўъжизаси” анъанавий саҳна-цирк халқ ҳаваскорлик жамоаси, 2 та Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 1 та махсус кўзи ожизлар кутубхонаси, 1 та Маданият ва истироҳат боғи бор.
Маданий-оммавий тадбирларнинг чуқур ғоявий мазмун билан бойитилишини таъминлаш мақсадида бўлимимиз ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди. Шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, санъатга ёшларнинг қизиқишларини ошириш ва иқтидорларини юксалтириш мақсадида жорий йилда 7 та маданият марказларида қўшимча тўгараклар ташкил этилди.
Ҳозирги кунда бўлим Маданият марказларидаги 21 та ҳаваскорлик тўгаракларида 240 нафар, қўшимча 12 та тўгаракларда эса 180 нафар турли ёшдаги йигит-қизлар санъат сирларини ўрганишмоқда. Мақом, саҳна-цирки, рақс, бадиий ўқиш, бахшичилик, эстрада қўшиқчилиги, масхарабозлик тўгаракларига ёшларнинг қизиқишлари жуда юқори.
2023 йил илк кунларида “Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Офарин” фольклор-этнографик жамоаси, “Жайҳун мўъжизаси” анъанавий саҳна- цирк ҳаваскорлик жамоаси ва барча маданият марказларида фаолият юритаётган тўгараклар аъзоларининг ҳисобот концертлари юксак савияда ўтказилди ва томошабинларда улкан таассуротлар қолдирди.
Шунингдек, жорий йилимизнинг биринчи чорагидаги 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунлари, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни, 21 март, Наврўз – умумхалқ байрами муносабати билан тадбирлар ташкиллаштирилиб, театрлаштирилган концерт дастурлари намойиш этилди ва бу халқимизга манзур бўлди. Туманимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” маданий-маърифий, мусиқий тадбирларимизнинг нуфузи ошмоқда ва тобора кўпроқ аҳолини қамраб олмоқда.
Шу йил 9 март куни туман Маданият маркази томошалар залида ўтказилган “Ижодимиз – сенга, Ватан!” шиори остида ёш ижодкорлар кўрик-танлови санъатда истеъдодли ёшлар жуда кўп эканлигини кўрсатди.
Қувонарлиси, ўтказилаётган оммавий байрам тадбирларида аён бўлаётганидай, истеъдодли ёшлар сафи тобора ортаяпти. Улар туманимиз маданияти ва санъати шарафини юқори кўтаришига ишончимиз комил.
Икромжон СИЙТИМОВ,
туман Маданият ва туризм бўлими мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶