Тинч ва осойишта юртда истиқлол тантанаси
Бугун жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир гўшаси байрам оғушида. Халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигини катта шодиёна билан, кўтаринки кайфиятда қарши олмоқда.
Шундай фарахбахш кунларда бизга истиқлолдек улуғ неъматни ато этгани, халқимизни турли бало-қазолардан омон сақлаб, ёруғ кунларга етказгани учун ҳар биримиз Яратганга шукроналар айтамиз.
Шу ўринда, истиқлолнинг ўз-ўзидан келмагани, Ватан озодлиги асрлар давомида ота-боболаримиз учун энг улуғ орзу бўлиб, бу йўлда юртнинг минглаб фидойи ўғлонларининг қони тўкилганини эсламаслик мумкин эмас. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана – 1 сентябрь халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган қутлуғ кундир.
Мустабид тузум барҳам топганидан кейин мамлакатимизда юзага келган жуда қалтис иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-маънавий вазиятни бартараф этиш йўлида муҳтарам Юртбошимиз томонидан узоқни кўзлаб барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, бошига тушган мураккаб синов ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтган халқимизнинг мустаҳкам иродаси, ғайрат ва шижоати туфайли мамлакатимиз мустақиллиги мустаҳкамланди.
Бугунгидек сурурли дамларда ўз-ўзимизга "Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ҳақли саволни бериб, бундан 23 йил олдинги ва бугунги кунимизни солиштирар эканмиз, тўғри белгилаб олган ўзимизга хос ривожланиш йўлимиз, халқимизнинг истиқлол ғояларига садоқати, ҳалол ва фидокорона меҳнати натижасида мустақиллик йилларида улкан ютуқлар қўлга киритилаётганининг гувоҳи бўламиз. Бугун дунёда ўзбек деган миллат, Ўзбекистон деган давлат борлигини, унинг қисқа даврда улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганини, юртимизнинг куч-қудрати, салоҳиятини бутун дунё тан олди.
Истиқлол йилларидаги ўзгаришларнинг энг каттаси одамларимиз онгида, дунёқарашида рўй берди. Бугунги ўзбекистонликлар ўтган асрнинг 90-йилларидаги боқимандалик кайфиятидаги одамлар эмас. Улар эркин ва обод юртда тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиб, мустақилликни мустаҳкамлаш, ободлик ва бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшишдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқдалар, меҳнат қилмоқдалар. Уларда ўз юртининг келажагига, ўзининг эртанги кунига ишонч, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси мужассам. Ана шундай фидойи эл меҳнатидан Ватан равнақ топмоқда, юксалмоқда.
Юртимизнинг мўъжаз гўшаси бўлмиш Амударё туманида ҳам бундай ўзгаришлар, янгиланиш ва юксалишлар кун сайин бўй кўрсатмоқда. Шаҳар-у қишлоқларимиз, маҳалла-ю кўчаларимиз, ҳовли ва хонадонларимиз ободлик сари юз тутиб, файзли масканларга айланмоқда.
Амударёликлар жорий "Соғлом бола йили”да ҳам энг улуғ ва энг азиз байрамни катта меҳнат зафарлари билан қарши олмоқда. Истиқлол байрами арафасида йирик саноат лойиҳаси - "Amudaryotex” хорижий корхонаси илк маҳсулотини бера бошлаган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳаси илғорлари пилла ва ғалла етиштириш бўйича контрактация шартномаларини Республикамизда биринчи бўлиб бажаришди ва энг масъулиятли палла – пахта йиғим-терими арафасида турибди. Ишонамизки, пахтакорларимизнинг ва бутун халқимизнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати самараси сифатида яқин кунлар ичида 40 минг тоннадан ортиқ юксак хирмон бунёд этилади ва бу ҳам истиқлолимизнинг 23 йиллигига катта туҳфамиз бўлади.
Қурувчиларимизнинг фидойи меҳнатлари туфайли байрам арафасида 70 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, қатор таълим масканлари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, тадбиркорларимизнинг ўз маблағлари ҳисобидан овул ва маҳалаларимизда ижтимоий-маданий ва тадбиркорлик объектлари қуриб битказилмоқда.
Таълим, соғликни сақлаш ва ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги бошқа соҳаларда ҳам истиқлол байрамига туҳфа этгулик ютуқларимиз бисёр.
Ушбу сурурли дамларда "Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган шиорни дилларига жо қилиб, истиқлолимизнинг 23 йиллик байрамини кўтаринки руҳда нишонлаётган амударёликларни яна бир марта энг улуғ ва энг азиз байрамимиз билан чин қалбимдан табриклайман! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Ражаббой ЙЎЛДОШЕВ,
туман ҳокими.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶