СОFЛОМ БОЛА
Тонг отди. Ватанда ажиб тароват:
тоғларнинг бағрида олланди лола.
Ҳаёт гўзаллигин этиб қироат,
Дунёни уйғотиб уйғонди Бола!
Беланчак тебранар. Бағрида Қуёш
аста бош кўтариб чиқаётгандай..
Қуёш нурин ичган юракдан оташ
муз қотган дилларга ўтаётгандай...
Беланчак тебранар. Теграси майин
ифорга, хотиржам онларга тўла.
Воажаб! Лаҳзалар ўтгани сайин,
Дунёга интилиб улғайди Бола.
Пилдираб чиқди у ҳовли юзига,
Ер-у осмонларга ёзди қулочин.
Ҳайратлардан порлаб ёнган кўзида,
Камалак рангида товланди Очун!
Он-а-а! Онажон, деб тилга кирди у,
Оила қўрғони гулдираб кетди.
Сўнг катта йўл томон шодон юрди у,
Йўллар қадамидан гуркираб кетди!
Сувдан Қуёш аксин олди ҳовучлаб
Ва сочиб юборди уни бошидан.
Митти орзуларин дилда опичлаб,
Дунёни таниди гўдак ёшидан!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶