Янги йил мадҳи
Янги йил! Биз келдик ёруғ юз билан,
Ортимизда порлоқ, нурли из билан.
Машаққатлар юкин елкадан олиб,
Ҳечда букилмаган қадд-у тиз билан.
Синовлар кўп бўлди, синовлар оғир,
Заҳридан дил яра, елкалар яғир.
Халқ бирдам бўлган дам Ватан юксалиб,
Матонатга дохил бўлдик барибир.
Ҳар уйда очилди масжид, мактаблар,
Бирлашди мақсадлар, имон, матлаблар.
Бир юз ўттиз олти тилда сўзлашган
Бирдам халқ бўлдик биз, бирдам миллатлар.
Тарих саҳфасида янги зарварақ,
Яшариб кетгандай атроф, теварак.
Кумуш гуллар сочиб бошларимиздан,
Бизни қутлаётир ҳаттоки фалак.
Ватан дўниб борар ям-яшил рангга,
Чўл-у саҳролар ҳам жаннат, қаранг-а!
Меҳр нурларига лиммо-лим Орол –
Оролқум айланиб камалакрангга.
Биз яшаб юрибмиз, орзулар тенгсиз,
Умидлар сўнмаган, умидлар сўнгсиз.
Қайтиб келар, дея сувлар карвони –
Оролқумни ювиб жонажон Денгиз!
Бир йилни қаритдик, дил тўла туғён,
Тарихий лаҳзалар, эртаклар бир ён.
Эртаклардан холи ҳаётга муштоқ
Қалбларда юксалиб Ватан ва имон.
Ҳар уйда бошланди Янги йил базми,
Жаранглар сочмоқда истиқлол назми.
Яшил ёғдулардан чароғон Ватан
Кенгликларин қучган яратиш азми.
Буюк эврилишлар бошланар яна,
Яратмоқ – ирсият, меҳнат – анъана.
Янги Ўзбекистон бағрида мангу,
Тинчлик бор! Тинмагай байрам, тантана!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶