БОЛАНИ ЁШЛИГИДАН ЖИСМОНИЙ ЧИНИҚТИРИШ – УНИ ЕТУКЛИККА УНДАЙДИ
Жисмоний чиниқиш инсонни янада фаоллаштиради, қалби жўшқин ҳисларга тўлиб, янги-янги орзулар сари интилиб яшашга ўргатади. Кўпчилик жисмоний чиниқиш деганда ҳар кунги бадан тарбия машқларини тушунишади. Тўғри, бадан тарбия машқлари инсонни тетиклаштиради, ишга, ўқишга, ижтимоий фойдали меҳнатга рағбатлантиради. Лекин жисмонан чиқиниб боришнинг аҳамияти янада катта. Хўш, буни қандай амалга оширамиз?
Бунинг учун инсондан бирон жиддий сарф-харажат ёки кўп вақт талаб этилмайди. Кундалик ҳаёт тарзимиздаги одатий вазифаларимизни тўғри ташкил этсак кифоя. Яъни, эрта туриш, 5-10 дақиқалик бадан тарбиядан сўнг, танамизни ҳўл сочиқ билан ишқалаш, юз-қўлимизни илиқ сувда ювиш ва ниҳоят, ҳовли бўйлаб лўкиллаб юриш орқали мушакларимизга фаоллик бағишлаймиз, бундан бутун танамиз роҳатланади. Тоза ҳавода томорқа юмушларини бажарсак, янада яхши. Агар ишхонангиз ёки ўқиш жойингиз яқин бўлса, албатта, яёв юришга одатланинг. Инсон яёв юргани сари вужуди ором олиб, мушаклари соғломлашади, нафас олиши енгиллашади.
Мен ўқувчиларимга доимо ўзларига эътиборли бўлган ҳолда оз-оздан жисмоний меҳнат билан шуғулланиб боришларини маслаҳат бераман. Масалан, эрталаблари ота-онасининг ёнида, томорқа ишларига қарашиш, дарахт тупларини юмшатиш, гулларни парваришлаш, мева териш, ҳовли саҳнига сув сепиш каби ишларни завқ билан бажарган бола эрталаб хуш кайфият билан нонушта қилади, шу кунги дарсларини ҳам яхши ўзлаштиради. Унинг онгида ўзи қилган ҳалол меҳнатга муносабат ва самимий меҳр туйғуси шаклланиб боради. Бола ҳам ижтимоий фаол, ҳам ўз фикрига эга шахс сифатида шаклланади. Муҳими, ўзи учун эрталабки машғулотлар қанчалик зарур эканлигини англаб етади, ҳам жисмонан, ҳам маънан етуклик сари интилиб яшашга ўрганади.
Телевизор ва компьютер қаршисида михланиб қолган бола эса ҳаётда ҳеч қачон фаол бўлмайди, ҳар бир саволига телевизордан ва компьютердан жавоб излайвериб, чарчоқ кайфиятда юради. Ўзини ўзи жисмоний машғулотлар билан банд қилган ва ўз меҳнатидан роҳатланишни ўрганган бола мутолаада фикри теран, маънан қалби бой инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандини ижтимоий фойдали меҳнатга ўргатса ва чиниқтириб борса, бу боланинг етук ва баркамол инсон бўлиб шаклланишига ёрдам беради.
Солий ЙЎЛДОШЕВ, 36-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶