БУҒДОЙ ЎРИМ-ЙИҒИМИНИ СИФАТЛИ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ТАКТИК ЎҚУВ МАШҒУЛОТИ ЎТКАЗИЛДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бошоқли дон экинларини парваришлаш, гектарларда ҳосилдорликни ошириш, ғаллачиликда замонавий, интенсив технологиялардан самарали фойдаланишга қаратилаётган эътибор туфайли соҳада катта ютуқларга эришилмоқда.
Айниқса, буғдой етиштириш, пишиб-етилган ҳосилни нест-нобуд қилмай сифатли ўриб-йиғиб, заҳира омборларига ташиб олиш, ғаллани сифатли сақлаш борасидаги ишлар ўз вақтида олиб борилаётгани боис, қайта ишлаш корхоналари бир маромда ишлаши таъминланмоқда.
Аслида сифатли ғалла етиштиришга эътибор ғаллачилик фермер хўжаликларида ишнинг қандай ташкил этилишига боғлиқ. Бунинг учун буғдой экиладиган далалар текис, сув тарашда қийинчилик туғдирмайдиган, бегона ўтлардан холи бўлиши талаб этилади. Бундан ташқари, кузги буғдой сентябрь ойининг бошида, ер ҳарорати пасаймасдан бурун тобида экилиши керак.
Бу борада Холимбег овулидаги “Уста Оллоёр” фермер хўжалиги раиси Ражаббой Султоновнинг тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Хўжалик далаларининг 40 гектарига пахта, 10 гектарига кузги буғдой экилган. 4 гектар ердаги интенсив боғда эса олма ва узум шиғил мевага кирган.
Айни кунда фермер хўжалиги далаларида буғдой ҳосили ўриб-йиғиб олишга тахт қилиб қўйилди. Ҳар бошоғи нақ бир қарич келадиган буғдой ҳосили етилгунга қадар хўжалик ишчилари Музаффар Абдукаримов, Қутлимурод Абдукаримов ва тракторчи Ҳамро Чоршамовлар тиним билмай меҳнат қилишди. Униб чиққан буғдой майсалари кузда ва баҳорда бегона ўтлардан тозаланиб, озиқлантирилди. Вақтида сув берилди. Натижа эса кутилганидан зиёда. Фермер хўжалиги раиси Ражаббой Султонов гектаридан камида 40 центнердан, 160 тонна буғдой олишни режалаштирган.
Дарвоқе, нафақат холимбеглик, балки туманимиздаги барча фермер хўжаликлари далаларида эл-юрт ризқи баландлигидан далолат бериб, буғдойзорларда мўл-кўл ҳосил етиштирилди.
Ҳар галгидек ғалла ўрим-йиғими олдидан етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, заҳира омборларига ташиш билан боғлиқ муҳим ишларни муваффақиятли адо этиш мақсадида жорий йилнинг 2 июнь санасида Қипчоқ овули ҳудудидаги фермер хўжаликлари далаларида “Ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш билан боғлиқ Давлат вазифаларини бажаришда ФВДТ тизимлари хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус тактик-ўқув машғулотлари ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаш раиси – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2020 йил 13 январдаги 1-сонли буйруғига асосан карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда бошоқли дон экишларини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш мақсадида ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари хизматлари билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тактик-ўқув машғулотларида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Маҳмуд Сейдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Улуғбек Машарипов, Амударё туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Саъдуллаев, Республика ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлимидан Бегзод Нурматов, Бегзод Тажибоев, Бегзод Аллабергановлар иштирокида бўлиб ўтган тактик-ўқув машғулоти 4 босқичда олиб борилди.

Биринчи босқичда ғаллани ўриб-йиғиб олиш учун жалб этиладиган техникалар ва автотехник воситаларнинг техник ҳолати ҳамда тайёрлиги кўздан кечирилди. Бунда 4 та комбайн, 2 та ғалла ташиш юк машинаси, 1 та ёқилғи-мойлаш материаллари ташиш трактори, 1 та ишчиларга озиқ-овқат ташиш трактори, 7 та махсус техникалар ҳамда 48 та шахсий таркиб жалб қилинди.
Иккинчи босқичда ғаллани ўриб-йиғиб олиш учун жалб этиладиган ишчиларга етарли шарт-шароитларни яратиш ишлари кўздан кечирилди. Бунда ишчи ва хизматчиларнинг дам олиш шароитлари, маданий ва маиший хизматнинг қандай ташкил этилганлиги, зарурий товарлар билан таъминланганлиги, ичимлик суви мавжудлиги, озиқ-овқат ва тиббиёт пунктларининг ишлари ташкиллаштирилганлиги ва бошқалар кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф қилинди.
Учинчи босқичда ғаллани қабул қилиш шохобчаларидан ғаллани ўриб-йиғиб олиш майдонларигача бўлган йўналишлардаги ички ишлар бўлимининг қўшимча назорат постларининг иш фаолияти ташкиллаштирилиб, кўздан кечирилди. Бунда ғалла ташувчи техника воситаларини ғалла қабул қилиш шохобчасигача ички ишлар ходимлари томонидан кузатиб бориш, ўғирликларнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тўртинчи босқичда ғаллани қабул қилиш ва сақлаш бўйича тайёргарлик ҳолати текширилди. Ғаллани қабул қилишда тарозихоналар, дон сақлаш жойлари, ёнғинга қарши қалқонлар, сув сақлаш манбалари кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликлар шу жойнинг ўзида бартараф қилинди ва ишчиларга йўриқномалар тарқатилди.
Бўлиб ўтган тактик ўқув машғулотларида туманимиздаги барча МТП раҳбарлари, ғаллачилик фермер хўжаликлари раислари, етиштирилган ғалла ҳосилини заҳира омборларига ташишда иштирок этадиган техника воситалари ҳайдовчилари, юк ортувчи ишчилар, шунингдек ҳудудларга биркитилган профилактика инспекторлари иштирок этдилар.
Тактик ўқув машғулотлари жараёнида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва уларга мутахассислар томонидан батафсил тушунча ва тавсиялар берилди.
Шу куннинг ўзида туманда ғалла ўрим-йиғимида иштирок этадиган асосий техника воситаларининг тайёргарлик ҳолатлари масъуллар томонидан кўздан кечирилиб, мавжуд камчиликлар бартараф этилди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶