Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланди
Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришлар инсон бахт-саодати, унинг фаровон ва мазмунли ҳаёт кечириши учундир.
Шу боисдан ҳам юртимизда ҳар йили ижтимоий соҳаларга, хусусан, тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан улкан харажатлар ажратилади, аҳолининг соғ-саломат яшаб, узоқ умр кўриши йўлида ғамхўрлик қилинади. Чунки соғлом одамгина ўзини бахтиёр ҳис қилади, давлат ва жамият тараққиётига ҳисса қўшади.
Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳнамолигида соғликни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида соҳада кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бераётир.
Аҳоли саломатлигини сақлаш, уларнинг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир кишининг ўз соғлигига масъулиятини ошириш, соғлом яшашга рағбатлантириш борасидаги олиб борилаётган кенг миқёсдаги ишлар туфайли аҳолининг умри давомийлиги ошиб, соғломлик даражаси яхшиланмоқда.
Халқнинг кайфияти, ҳаётидан розилиги, аввало, унинг сиҳат-саломатлигига боғлиқ. Мамлакатимиз тиббиётига жаҳон тиббиётида эришилаётган ютуқларни жорий этиш, халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш, жаҳон соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялашиш ва шу асосда тиббий хизмат сифатини ошириш бугунги кунда тиббиётимизнинг асосий фаолият мезонига айланмоқда. Кейинги икки йил мобайнида соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан Президентимиз ва давлатимизнинг 40 тадан ортиқ Фармон, Қарорлари қабул қилингани фикримизнинг исботидир.
Ўзларининг ҳаётини халқимизнинг соғлигини сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатишдек эзгу ишга бахшида қилаётган туманимиз тиббиёт ходимлари ҳам соҳага бугунги кунда қўйилаётган талабларга монанд меҳнат қилмоқдалар.
Айни кунда туманимиз Тиббиёт бирлашмасида 297 нафар шифокорлар, 1150 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатишади. Аҳолига 1 та кўптармоқли марказий поликлиника, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 2 та қишлоқ шифокорлик пунктлари орқали патронаж тиббий хизмат, 379 ўринли туман марказий шифохонаси ва 36 ўринли хўжалик ҳисобидаги пуллик реабилитация бўлимида стационар тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 19 минг 701 нафар бемор стационар шароитда даволаниб, ўз соғлигини тикладилар.
Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, дейди доно халқимиз. Ҳа, чиндан-да, баъзан одам ўзига салгина бепарволиги туфайли, баъзида ҳаётдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли, баъзан эса арзимаган муаммоларга ортиқча асабийлашиш туфайли тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Дард билан олишаётган инсоннинг ундан халос бўлишига кўмаклашиш, соғлом ҳаётга қайтариш – нақадар шарафли иш. Шу боисдан ҳам туманимизда тиббиётни ривожлантиришга, тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бирлашмамизга қарашли муассасалар замонавий диагностика ва даволаш жиҳозлари билан таъминланмоқда. Шу кунгача бирлашмамизнинг 55 нафар шифокорлари, шу жумладан уч нафари МДҲ давлатларида ўзларининг касбий маҳоратларини ошириш учун малака ошириш курсларида ўқиб қайтдилар.
Бундан ташқари, туман ҳокимлигининг ёрдами билан бирлашмамизнинг жорий йилда 1 та УЗД, 2 та ИВЛ аппаратлари билан таъминланганлиги, моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, 7- ва 5-қишлоқ оилавий поликлиникаларининг жорий таъмирлангани ўз навбатида фаолиятимиз самарали бўлишига сезиларли таъсир кўрсатаяпти.
Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланаётгани эса соҳа ходимларига фахр-ифтихор бағишлайди, ўз касбида сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.
Фурсатдан фойдаланиб, мен туманимизнинг, юртимизнинг барча тиббиёт ходимларини мазкур сана – касб байрамлари билан қизғин табриклайман, беморларга нажот бағишлаётган қўлларингиз дард кўрмасин, халқимизнинг дуосини олиб узоқ яшанг, дейман.
Эндирбой АБДУЛЛАЕВ, туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори,
Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶