ЯХШИ ЯШАШНИ ҲАМ БИРОВДАН ЎРГАНАМИЗМИ? ЁХУД ОЗОДАЛИК, ОРАСТАЛИК ТУРМУШ ТАРЗИМИЗГА АЙЛАНСИН!
Хақлимиз азал-азалдан орасталикка чор-атроф ободлигига эътибор бериб яшаб келган. Ҳовли-жойи тоза хонадонларнинг бекалари ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган. Қизларининг уқувлилиги, чеварлиги, орасталиги юксак қадрланган.
Юртимизда ҳар йили кўкламда Наврўз байрами арафасида ўтказиладиган миллий урф-одатларимиздан бири - ҳашарнинг асрлар оила яшаб келаётгани замирида ҳам халқимизнинг тозаликка, саранжом-саришталикка интилиши мужассам, десак муболаға бўлмас.
Жорий йилда ҳам бу умрбоқий одатимизга биноан меҳнатга яроқли барча аҳоли 17-18 апрель кунларида бўлиб ўтган хайрия ҳашарида фаол қатнашиб, кўчалар бўйларини, ҳовлилар атрофларини тозалашди, мевали-манзарали дарахтлар, гул кўчатларини ўтқазишди.
Бир сўз билан айтганда, чор-атроф ўзгача қиёфага кирди. Кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ойлиги мобайнида бу ишлар ҳали давом эттирилаяпти.
Афсуски, бунингдек хайрли ишларга ҳамма ҳам бирдек киришяпти, дейиш бироз нотўғрироқ бўлар.
Шу йилнинг 10 апрелида Манғит шаҳрининг Чордара, А.Навоий номли, Бўстон маҳаллаларида бўлганимизда бунга яна бир бора иқрор бўлдик.
Чордара маҳалла фуқаролар йиғини биносининг сирти бўялмаганлиги, бино жойлашган улкан кўчада яшил дарахтлар камлиги, борлари ҳам энди бўй кўрсата бошлаганлиги кишининг диққатини тортади. Ахир бу кўча бунёд бўлганига неча ўн йиллар бўлган. Агар йўл бўйларига ўзимизнинг ҳудудимизда экиб келинаётган қорамон, оқ тол, чинор, тўронғил каби узоқ яшайдиган дарахтлар экилганида кўча файзли, ҳавоси тоза бўлар эди.
Маҳалланинг Завқий кўчаси бошида тадбиркорлар фаолият юритаётган бино атрофида ўтган йилги ўсган ўсимликлар поялари шундоқ турибди. Манғитнинг қадимий манзилларидан бўлган Завқий кўчаси бошидаги хонадон томорқасидаги ёввойи ўтлар қолдиғини куни кечагина туман ДСЭНМ ва МФЙ ходимлари огоҳлантирганидан сўнг тозалабди. Қамиш, оқбош ўсиб ётган, анча катта томорқа ерга ҳали умуман экин экилмаган, ҳатто бу ҳақда хонадон эгалари ўйлаб ҳам кўришмаган шекилли.
- Тўғри, кўчамиз бўйида дарахтлар кам, айрим хонадонларда энди экиляпти. Бунинг ҳам сабаби бор. Ўтган йилларда водопровод суви ҳам, оқар сув ҳам умуман бўлмади. Мана, Турсунбой Серикбоев оқсоқол бўлиб сайлангач, дардимизга қулоқ тутиб, водопровод суви келишини таъминлади. Агар оқар сув келтиришнинг иложи бўлса, томорқаларимиздан кўнглимиздагидай фойдаланган бўлар эдик, - дейди шу кўчада истиқомат қилувчи якка тадбиркор Баҳодир Авазмуротов.
Ҳа, бу гапда жон бордир. Бироқ ҳамсуҳбатимизнинг ҳовлиси олди супуриб-сидирилган, дарахтлар кўкариб тургани ҳолда, қўшнилардан бирининг ҳовлиси атрофи-ю томорқасини қамиш, оқбош босиб, қаровсиз, тозаланмай турганини, баъзилари эса кўчага тош, шағал уйиб қўйганини, ҳовлиси олди бир дона дарахт экилмай тақир бўлиб турганини қандай изоҳлаш мумкин?
Шу кунларда Навоий маҳалласининг Улуғбек номли кўчасига ташриф буюрган одамнинг баҳри-дили очилиб кетади. Кўча бўйлаб барча хонадонлар олдида қийғос бўлиб гуллаб турган олча дарахтларини қўшнилар маслаҳатлашиб, бирга эккандек, бўйлари ҳам деярли бир хил. Кўчанинг бошидан то охиригача супуриб, сув сепилганини кўриб: - Кўчангизнинг қиз-келинлари жуда озодага ўхшайди, - дея қилган ҳазилимизга шу кўчада истиқомат қилувчи Баҳром Эримбетов:
- Бу кўчамизнинг кексалари тарбияси туфайли. Улар доим ёшларга ердан унумли фойдаланишни, озода ва саранжом-саришта яшашни ўргатиб чарчашмайди, - деди кулиб. Унинг 6 сотихлик томорқасида кўкариб турган картошкаси, пиёзи ва помидор пуштлари орасида ҳам бегона ўт йўқ. Ҳовли ичкариси ҳозир супурилгандай Хонадон соҳибининг айтишича, ҳовлисининг кўча тарафига экилган гилос дарахтлари меваси ўзларидан ортиб, қуда-анда-ю қариндошларга улашишга ҳам етар экан.
Худди шу маҳалланинг Гулистон кўчасида яшовчи хонадонларнинг айримлари ҳовлиси фасад қисмига кераксиз ашқол-дашқоллар, мана бу хонадонда эса молларнинг гўнги йиғиб қўйилган.
Маҳалла оқсоқоли Ваҳоб Ўрозалиевнинг айтишича, бу йил кўкламнинг ўзида маҳалладаги ҳар бир хонаадонга МФЙ ходимлари 7 марта кириб, тозалик, кўкаламзорлаштириш, томорқа ерлардан унумли фойдаланиш борасида тушунтириш ишларини олиб боришган. Бироқ маҳалла ҳудудидан ўтган улкан ариқ ичидаги, атрофдаги ахлатлар, шиша синиқлари ҳали назорат етарлича эмаслигини кўрсатаяпти.
Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: наҳотки бизга қандай яшаш кераклигини кунда кимдир ўргатиб туриши лозим бўлса? Ахир озода, обод ҳудуд ўз ҳаётимиз учун зарурку! Шу маконда келгуси авлодлар ўсиб улғаяди. Улар ҳам бизнинг ўгитларимиздан эмас, аввало қилган ишларимиздан ўрнак олса...
Бўстон маҳалласига йўл олиб, йўл бошиданоқ таъбимиз хира бўлди. 38-сонли умумтаълим мактаби ёнида, ичкарилаб, спорт майдончаси четидаги ўтган йилги ўсган ўсимликлар поялари, сақич, музқаймоқлар қоғозларига кўзимиз тушади. Бу борада ҳаммага ўрнак бўлиши лозим бўлган жамоа назаридан бу ҳудуд четда қолган кўринади. Сал ичкарилаб, турли тадбиркорлик субъектларига тегишли объектлар олдига кимдир бирон кўчат ўтқазишни ҳам ўйлаб кўрмаганлигини сездик. Бирининг ёнгинасида тўқайсифат ўтган йилги оқбош, қамиш поялар сарғайиб турибди. Ёнгинасида қўшнисининг ҳовлисида турли мевалар гуллаб, экинлар кўкариб тургани уларнинг ҳавасини келтирмайди чоғи.
Маҳалланинг “Узумзор” кўчасида ҳам кимнингдир эшиги олдида қачонлардир қурилиш мақсадида тўктирган тошларининг ортган қисми, кимнингдир эшиги олдида тупроқ уюлиб турибди. Кўча охиридаги қурилиши тугалланмаган бир ҳовли олдига эса “уддабурон” бир кимса ахлат тўкиб кетибди.
Бизнинг диққатимизни тортган нарса, маҳаллани сув билан таъминлайдиган улкан ариқ бир ойча бурун туман Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тозаланган экан. Бироқ улар сув йўлини тозалаб, савобли иш қилишибди-ю, ахлатларини ҳар ер - ҳар ерга йиғиб қўйиб, ташиб кетишни унутиб юборишибди, чоғи. Уюм-уюм ариқ ахлатлари устига шу атрофдаги хонадонларда истиқомат қилувчилар маиший чиқиндиларни ҳам ташлай бошлашибди.
Ўйлаб кўринг, ҳозир кўклам. Хонадонлардаги кичкинтой болажонлар ҳовлиси атрофида мазза қилиб тенг-тўшлари билан ўйнашади, шу йўлдан мактабга қатнашади. Кўчадаги уюм-уюм ахлатлардан озиқланган зарарли ҳашаротлар уларнинг соғлиғига путур етказмасмикан?
Кунлар бундан-да исиб кетса (олдимиз ёз-да), бадбўй ҳидлар тарқалмайди, деб ким айтади?
Хуллас, Манғит шаҳрининг учта маҳалласини кезиб, бугунги кунда одамларнинг яхши яшашга, ҳаётда ўзлари учун қулай муҳит яратиб яшашга интилишини ҳис қилиш баробарида юқоридагидек нохуш манзараларга ҳам дуч келдик.
камчиликлар барча маҳаллалар ҳудудида ҳам учрайди. Мазкур кўрсатувимиз орқали барча аҳолини озода ва саранжом-саришта бўлиб яшашга чорлаб қоламиз. Чунки озодалик – саломатлик гарови.
Тўрамурод БОБОНИЁЗОВ, туман ДСЭНМ шифокори.
Ғайрат ИСКАНДАРОВ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи.
Ойгул РАЖАБОВА, “Тараққиёт кўзгуси” газетаси мухбири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶