ЁШЛАР ҲАМ МАСЪУЛ
Биз "қалб амри билан” деган иборани кўп ишлатамиз. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай ишга, ўқишга иштиёқ энг аввало инсоннинг қалбида уйғонади. Қалб - юрак буюрган ишга қўл урилса, бу иш муваффақиятли ечим топади.
Ҳар тонг ўзим таҳсил оладиган Қипчоқ агробизнес коллежига ўқишга отланарканман, қалбимни қувонч туйғуси тўлдиради. Умумий ўрта таълимдан сўнг касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, ҳунар ўрганишни ўз хоҳиш-истагим билан танлаб, янглишмаганимни ҳис этиб, қувониб кетаман.
Коллежда ўқиш ниҳоятда завқли ва қизиқарли. Мен бу ерда нафақат ўзим танлаган касб йўналиши бўйича, балки интернет тармоғига уланган электрон кутубхонада шуғулланиб, касб малакамни ошириш, дунёқарашимни кенгайтириш имконига эга бўлдим. Бундан ташқари, коллежимизда спортнинг хоҳлаган тури билан шуғулланишимиз учун зарур шароитлар яратиб берилган. Ҳатто ўзимиз танлаган касбимизга ёндош биронта ҳунарни эгаллашимиз учун ҳам имкон бор. Айниқса, биз қизлар учун тикувчи-дизайнерлик тўгарагидаги машғулотлар жуда қизиқарли.
Шу кунларда мен қадрдон коллежимни тугатиш арафасидаман. Коллежда олган билимимни янада мустаҳкамлаш, касбий малака ошириш учун туман ДСИда амалиёт босқичини ўтаяпман. Шу билан бирга коллежимиздаги физика-математика ва информатика фанлари бўйича тўгаракларга қатнашмоқдаман. Мақсадим физика-математика йўналиши бўйича олий ўқув юртига кириб ўқиш,ўз иқтидоримни шу йўналиш бўйича намоён этишдир. Бунинг учун мамлакатимизда жуда катта имкониятлар яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда муҳтарам Президентимиз 2013 йилга "Обод турмуш йили” деб ном берар экан, мазкур ном билан боғлиқ равишда қабул қилинадиган Давлат Дастуридаги олтита устувор йўналиш ҳақида алоҳида тўхталиб, том маънода халқимиз ҳаётида тўкин-сочинлик, соғлик, файз-барака, миллатлараро аҳиллик, тинчлик-хотиржамлик, энг муҳими, ижтимоий фаоллик ҳукмрон бўлиши учун ҳар бир киши, айниқса, ёшлар ҳам масъуллигини таъкидлаган эдилар.
Президентимиз айтганидай: "Шу азиз Ватан – барчамизники!” Демак, она Ватанимизнинг ободлиги, тинчлиги, юксак тараққиёти учун шу муқаддас заминда яшаб, илдиз отган ҳар бир инсон масъул. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиб, эъзозлаш, ҳаёт тарзимизда юксак сифат даражасига эришиш учун фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиш эса ҳар биримиз учун шарафдир.
Биз ёшлар ҳар куни ўқиш, амалий-назарий машғулотлардан бўш вақтларимизда дала меҳнаткашлари, пиллакорлар ҳузурига ҳашарга чиқиб, хонадонларимиздаги томорқа ерларида меҳнат қилиб, ўз меҳнатимиз самарасидан эл-у юртга манфаат етаётганидан хурсандмиз.
Нодира БОЛТАБОЕВА,
Амударё агробизнес коллежи битирувчиси.
(Фото - http://evrofarm.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶