Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси фаолияти ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан тасдиқланган “Долзарб 15 кунлик” тадбирлар режаси доирасида Амударё туманида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мақсадли ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш борасидаги чора-тадбирларга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Яқинда туман Прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва Қарорига асосан жорий этилган “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” ҳамда “Тоза қўллар” дастури доирасида туман Тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
Жумладан, туман Тиббиёт бирлашмаси фаолияти қарор талаблари асосида ўрганилиб, йўл хариталарининг ижроси, келиб тушган мурожаатлар таҳлили, юқумли ва ижтимоий хасталикларга қарши чоралар, оналар ва болалар ўлими ҳолатлари ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ўрганилди.
2025 йилнинг биринчи чорагида туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан ичкиликбозлик ва наркологик муаммоларга дучор бўлган шахслар рўйхати шакллантирилган. Унга кўра, 22 нафар шахсга йўлланма берилган бўлиб, шундан 8 нафари мажбурий, 14 нафари ихтиёрий равишда стационар муассасаларга ётқизилган.
Пробация назоратида турувчи 120 нафар шахснинг 110 нафари тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 8 нафарида касаллик аниқланган бўлиб, 1 нафари стационар, 7 нафари амбулатор тарзда даволанмоқда.
Наркология хонасида ҳозирда 213 нафар сурункали ичкиликбозликка мойил ва 9 нафар гиёҳвандликка мойил шахслар диспансер ҳисобида туради. 2025 йил март ойи якунига қадар 147 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, бир қисми Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтирилган.
Ҳозирги вақтда 247 нафар парваришга муҳтож шахслардан 188 нафарига, тиббий кўрикдан ўтказилган якка ёлғиз кексаларнинг 109 нафарига зарур маслаҳат ва даво чоралари белгиланган. Шунингдек, 204 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 36 нафар якка ёлғизлар, 114 нафар ичкиликка ружу қўйганлар, 42 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган фуқаролар ҳамда оғир ижтимоий аҳволдаги 98 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилган.
Жами ҳисобда туманда 389 та тиббий кўрик ўтказилиб, тиббий тавсиялар ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.
Таносил касалликлари, ОИВ ва ОИТСга қарши профилактика ишлари доирасида жойларда 116 та семинар ва учрашувлар ташкил этилган. Шунингдек, мактабларда тиббий маданиятни ошириш, хатарли касалликлардан сақланиш юзасидан 88 та тарғибот тадбири ўтказилган. Бу тадбирлар орқали аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, хатарли касалликлар олдини олиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Туман марказий поликлиникаси қабул бўлимига турли шикастлар билан мурожаат қилган 149 нафар фуқаро бўйича ички ишлар бўлимига маълумотлар тақдим этилган. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши тезкор ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Амударё туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг руҳий касалликлар хонасида 1025 нафар бемор диспансер назоратида турибди. Улардан 11 нафари ижтимоий хавфли шахслар сифатида қайд этилган. Март ойи давомида 224 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, психотроп ва нейролептик дори воситалари билан таъминланди. Шу билан бирга, 28 нафар бемор мутахассис шифокорлар хулосасига кўра стационар даволанишга йўналтирилди.
2025 йилнинг биринчи чорагида 6 нафар руҳий бемор турли ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, улардан 5 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Амударё туманида “Долзарб 15 кунлик” доирасида туман прокуратураси томонидан амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар нафақат тиббий соҳада, балки аҳолининг ижтимоий ҳимояси, саломатлиги, ҳуқуқий маданияти ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шоҳзод Қурбонбоев тайёрлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶